Жамият

Мудофаа вазирлигига мурожаат: фуқаро номидан «шикоятим йўқ» деган далолатнома тузилганини иддао қилмоқда

Akmal Eshonxonov5 кўришлар
Мудофаа вазирлигига мурожаат: фуқаро номидан «шикоятим йўқ» деган далолатнома тузилганини иддао қилмоқда

Эффецт.уз таҳририятига Мудофаа вазирлиги тизимидаги 99818-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг ҳаракатлари ва фуқаро мурожаати юзасидан расмийлаштирилган далолатнома бўйича эътироз келиб тушди.

Мурожаат муаллифининг билдиришича, у 2026-йил 28-сентябр куни 99818-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан ўзига нисбатан амалга оширилган, деб ҳисоблаётган ноқонуний тинтув ва бошқа хатти-ҳаракатлар юзасидан Президент Администрацияси ҳамда Мудофаа вазирлигига мурожаат.гов.уз ва пм.гов.уз платформалари орқали шикоят қилган.

Фуқаронинг айтишича, 2026-йил 21-октябр куни Мудофаа вазирлигидан мурожаат.гов.уз сайтига жойлаштирилган А-68-сонли жавоб хати ва унга илова қилинган далолатнома келиб тушган. Ҳужжатда подполковник Т. Садиков мурожаат муаллифи билан телефон орқали суҳбат ўтказгани, унга вазият юзасидан тушунтириш бергани, фуқаро эса бу тушунтиришлардан қониққанини ва шикояти йўқлигини билдиргани қайд этилган.

Бироқ мурожаат муаллифи далолатномадаги маълумотларни рад этмоқда. Унинг таъкидлашича, ҳақиқатан ҳам телефон орқали қўнғироқ бўлган, аммо суҳбатда мурожаат мазмуни муҳокама қилинмаган. Фуқаронинг сўзларига кўра, ундан фақат жавоб хатини юбориш учун яшаш манзили сўралган.

Мурожаатчи ўша телефон суҳбатининг аудиоёзуви ўзида мавжудлигини билдириб, далолатномада қайд этилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаслигини иддао қилмоқда.

У Мудофаа вазирлиги ва Навоий вилояти Ҳарбий прокуратурасидан далолатномадаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш, телефон суҳбати аудиоёзувини ўрганиш, подполковник Т. Садиковнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда 99818-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг дастлабки мурожаатда кўрсатилган хатти-ҳаракатларини қайтадан, чуқур текширишни сўрамоқда.

Мурожаат муаллифи, шунингдек, фуқаро билдирмаган фикрларни унинг номидан расмий ҳужжатга киритиш ва кейинчалик «шикояти йўқ» деб ҳисобот бериш ҳолатига эътироз билдириб, буни адолат ва қонунийлик тамойилларига зид деб баҳолаган.

Эффецт.уз таҳририяти Мудофаа вазирлиги ҳамда Ҳарбий прокуратура масъулларидан мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат кутади. Материал мурожаат муаллифи тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Мудофаа вазирлигига мурожаат: фуқаро номидан «шикоятим йўқ» деган далолатнома тузилганини иддао қилмоқда | Effect.uz