Жорий йилнинг 29-октябр куни Мажбурий ижро бюросининг Асака туман бўлими биносида алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсларнинг жавобгарлик масаласи сайёр судда кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюроси Асака туман бўлими иш юритувида алимент ундируви билан боғлиқ 4,9 мингта ижро ҳужжати мавжуд. Жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида 34 миллиард сўмдан зиёд алимент маблағлари ундирилиб, ундирувчиларга топширилган.
Шунингдек, йил бошидан буён фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келган 118 нафар қарздор маъмурий жавобгарликка тортилган.
Сайёр суд жараёнида алимент тўловларига бепарво муносабатда бўлган 30 нафар отанинг иши жиноят ишлари бўйича Асака туман суди томонидан кўриб чиқилди.
Суд қарорига кўра, фарзандларининг моддий таъминотидан бош тортиб келган 14 нафар қарздорга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Яна бир нафар қарздорга жарима белгиланди.
Икки нафар қарздор алимент қарзини тўлиқ тўлагани сабабли суд залида жавобгарликдан озод этилди. Қолган етти нафар қарздорга алимент қарзларини тўлаш учун муддат берилди.




