Жаҳон

Жанубий Кореяда ўзбекистонлик талаба террорчилик ташкилотини молиялаштиргани учун 1 йил 4 ойга қамалди

Akmal Eshonxonov10 кўришлар
Жанубий Кореяда ўзбекистонлик талаба террорчилик ташкилотини молиялаштиргани учун 1 йил 4 ойга қамалди

Жанубий Кореяда талабалик визаси асосида яшаган Ўзбекистон фуқароси Суриядаги экстремистик гуруҳ аъзосига пул юборганликда айбдор деб топилди. Бу ҳақда Ёнҳап Сеул марказий туман судига таяниб хабар берди.

Суд маълумотларига кўра, талаба 2024-йил январидан 2025-йил январигача «Тавҳид ва жиҳод катибаси» (КТЖ) аъзосининг ҳисоб рақамларига олти марта жами 1,25 миллион вон (тахминан 936 доллар) ўтказган.

Терговга кўра, КТЖ вакили ўзини ўзбекистонлик деб таништириб, Сурияда жанг қилаётганини билдирган. Судланувчи ташкилот фаолиятидан хабардор бўлса-да, пул юборишни давом эттирган.

Шунингдек, ундан Жанубий Кореяда яшовчи бошқа шахсдан пул олиб, Сурияга юбориш сўралган. Талаба бу топшириқни бажармаган, бироқ суд мазкур ҳолатни жиноятга уриниш сифатида баҳолаган.

Судя Ҳо Со Юн Ўзбекистон фуқаросини терроризмга қарши қонунчиликни бузганликда айбдор деб топиб, 1 йил 4 ой қамоқ жазоси тайинлаган. Шунингдек, ундан 1,25 миллион вон ундириш белгиланган.

Маҳкумнинг исми, ёши ва таълим муассасаси ошкор қилинмаган. Ҳукм устидан шикоят берилгани ёки унинг қонуний кучга киргани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Жанубий Кореяда ўзбекистонлик талаба террорчилик ташкилотини молиялаштиргани учун 1 йил 4 ойга қамалди | Effect.uz