Жамият

Имарат Девелопмент можароси: 120 миллион долларлик мол-мулк хатловга олингани айтилди

Akmal Eshonxonov32 кўришлар

«Имарат Девелопмент» компанияси билан боғлиқ можаро юзасидан харидорлар ва масъуллар иштирокида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Расул Кушербаев ўз чиқишида маълум қилди.

Унинг айтишича, учрашувда Тошкент шаҳар прокурори ва шаҳар ички ишлар бошлиғи иштирок этган. Компаниянинг асосий таъсисчилари Марат ва Жасур Азизовга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этаётгани ва уларга нисбатан эҳтиёт чораси қўлланилгани айтилган.

Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳар прокурори таъсисчиларга тегишли қиймати тахминан 120 миллион АҚШ долларига баҳоланаётган мол-мулк хатловдан ўтказилиб, баҳоланаётганини маълум қилган. Бу мол-мулк қурилишлар якунланмай қолган ёки харидорларга пулларини қайтариш зарурати туғилган тақдирда, уларнинг манфаатларини таъминлаш мақсадида кафолат сифатида кўрилаётгани айтилган. Шунингдек, компаниянинг бир нечта қурилиш лойиҳаларида ишлар давом этаётгани маълум қилинган.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Сурум ҳудудидаги «Сергели Цитй» лойиҳасида 16 та блокни 2027-йил январ ойига қадар топшириш режалаштирилган. Бироқ Расул Кушербаев қурилиш жараёнларини ҳисобга олиб, бу муддат март ойига сурилиши мумкинлигини тахмин қилган.

«Бристол» лойиҳасидаги олтита блокни ҳам январ ойида якунлаш режаси билдирилган. «Тузел Парк» лойиҳасида қурилиш ишларини жадаллаштириш, «Еко Парк»да эса аеропортга яқинлик билан боғлиқ талаблар сабабли лойиҳа ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш жараёни кетаётгани айтилган.

Учрашувда харидорларнинг тўланган маблағларини қайтариб олиш ёки бошқа, тезроқ битадиган обектдан хонадон олиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, шартномани бекор қилишни истаган харидорлар компания офисига мурожаат қилиши, бошқа обектга ўтишни хоҳлаганларга эса имконият доирасида тезроқ битадиган лойиҳалардан хонадон таклиф қилиниши айтилган. Бунда аввалги шартнома нархини сақлаб қолиш ваъда қилинган.

Шу билан бирга, айрим харидорларнинг навбатдаги тўловларни амалга оширишни вақтинча тўхтатиш мумкинлиги ҳақидаги саволига ҳам жавоб берилган. Кушербаев бундай масалада ҳар бир харидор ўз шартномасини ва мажбуриятларини алоҳида ҳисобга олиши кераклигини таъкидлаган.

Унинг маълум қилишича, ички ишлар органларининг тергов гуруҳи харидорлар ва ҳиссадорлар рўйхатини шакллантирмоқда. Терговчилар ҳар бир фуқаро билан алоҳида боғланиб, унинг талаб ва эътирозларини ўрганади. Хусусан, ким хонадон олишни, ким эса маблағини қайтариб олишни хоҳлаётгани аниқланади.

Расул Кушербаев харидорларни қурилиш обектларига шахсан бориб, ишлар ҳолатини ўз кўзи билан кўришга чақирган. Унинг фикрича, фуқаролар қурувчиларнинг ваъдаларидан кўра, амалдаги қурилиш жараёнига қараб қарор қабул қилиши лозим.

Ҳозирча 120 миллион долларлик мол-мулкнинг аниқ таркиби, харидорлар маблағини қайтариш механизми ва ҳар бир лойиҳа бўйича янгиланган топшириш муддатлари юзасидан батафсил расмий маълумот очиқланмаган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Имарат Девелопмент можароси: 120 миллион долларлик мол-мулк хатловга олингани айтилди | Effect.uz