Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Брифингда ижтимоий реестрга киритилган оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, болаларни ҳимоя қилиш, зўравонликдан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий суғурта тизимидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Агентлик маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатнинг 208 та туман ва шаҳрида фаолият юритаётган «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар орқали аҳолига 140 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатилмоқда.

Ижтимоий реестрга 530 минг оила киритилган
Йил бошидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва «Камбағал оилалар реестри» бирлаштирилиб, ягона «Ижтимоий реестр» тизими жорий этилди. Унда оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати 85 та мезон асосида баҳоланмоқда.
1-октябр ҳолатига кўра, реестрга 530 минг оила, яъни 2,2 миллион нафар аҳоли киритилган. Агентлик маълумотида қайд этилишича, кўрсатилган хизматлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида 26,5 минг оила даромади 1,5 бараварга ошган.
Ҳисобот даврида қарийб 426 мингта болалар нафақаси ва 563 мингта электр энергияси ҳамда табиий газ компенсацияси тўлаб берилган. Шунингдек, 16,3 минг оилага 318,2 миллиард сўмлик фоизсиз кредит ажратилган, 3 минг нафар ёшнинг таълим контракти тўлаб берилган.
Ногиронлиги бўлган 83 минг нафар шахснинг бандлиги таъминланган
Агентлик маълумотига кўра, республикада 1,1 миллион нафар ногиронлиги бўлган шахс ҳисобда туради.
Ҳисобот даврида ногиронликни белгилашнинг ягона стандарти жорий этилган. Энди барча касалликлар учун бир хил 120 кунлик даволаниш муддати талаб қилинмайди. Касаллик хусусиятидан келиб чиқиб, 30, 60, 90 ёки 120 кунлик муддат белгиланади.
Шунингдек, 21 та қўшимча касаллик бўйича ногиронлик белгилаш, 30 та касаллик бўйича эса уни муддациз белгилаш тартиби жорий қилинган. Янги стандарт асосида 267,3 минг нафар шахсга ногиронлик белгиланган.
Бундан ташқари, 77,3 минг нафар шахс протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланган. 83 минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлиги таъминланган.
Ногиронлиги бўлган болалар учун ҳам янги хизматлар йўлга қўйилган. 3 ёшгача бўлган болаларга «Ерта аралашув», 3 ёшдан 18 ёшгача бўлганларга эса «Кундузги парвариш» хизмати кўрсатилмоқда. Бу хизматлар орқали 6,7 минг нафар бола қамраб олинган, яна 1,7 минг нафар болага ваучер шакллантирилган.
Инклюзив таълим: 11,7 минг нафар бола қамраб олинган
Жорий йилда 1 486 та мактабда инклюзив таълим ва 3 950 та инклюзив синф ташкил этилган. Уларда 5,8 минг нафар бола таҳсил олмоқда.
Агентлик келтирган маълумотларга кўра, республика бўйича инклюзив таълим ташкил этилган мактаблар сони 3 774 тага, инклюзив синфлар 8 324 тага етган. Инклюзив таълим билан қамраб олинган ўқувчилар сони эса 11,7 минг нафарни ташкил этмоқда.
Шунингдек, уйда таълим олаётган 17,1 минг нафар ўқувчидан 2,2 минг нафари оммавий синфларга қайтарилган.
Парваришга муҳтож шахсларга 227,2 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган
«Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасида ўзгалар парваришига муҳтож 55,4 минг нафар катта ёшли шахсга 227,2 миллиард сўмлик ваучерлар асосида беш турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилган.
Улар орасида уйда ижтимоий-маиший ёрдам, уйда қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қараб туриш ва шахсий ёрдамчи хизматлари бор. Натижада 28,6 минг нафар шахснинг ҳолати яхшиланиб, улар реестрдан чиқарилган.
«Ёлғиз шахслар реестри»га киритилган 23,8 минг нафар ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсга эса 152 мингга яқин тиббий, ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий хизмат кўрсатилган.
Зўравонликдан жабрланган 7,2 минг нафар аёл ва 4,5 минг нафар бола бошпаналарга жойлаштирилган
Ҳисобот даврида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаат қилган 74,3 минг нафар хотин-қизга қарийб 110 мингта ижтимоий хизмат кўрсатилган. Шунингдек, 7,2 минг нафар аёл ва уларнинг 4,5 минг нафар фарзанди хавфсиз бошпаналарга жойлаштирилган.
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида интеграция маркази, кризис марказлари, профессионал тутинган оила ва «Меҳрли оила» хизматлари йўлга қўйилган.
Янги механизмга мувофиқ, хавф остидаги боланинг ҳолати бир кун ичида ўрганилиб, уни ҳимоя қилиш чоралари кўрилади. 14 кун ичида эса боланинг ҳолати комплекс баҳоланади.
Агентлик маълумотига кўра, ҳисобот даврида зўравонликдан жабрланган 6,9 минг нафар бола аниқланган. Уларга қарийб 10 мингта ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва тиббий хизмат кўрсатилган.
Республика бўйича 23 та кризис маркази ташкил этилган. Ушбу марказларга жойлаштирилган 280 нафар боладан 171 нафари кўрсатилган ёрдам натижасида ўз оиласига қайтарилган. «Меҳрли оила» хизмати доирасида эса ота-она ва бола ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган 4,9 мингта ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатилган.
Етим болалар учун 609 та уй-жой харид қилинган
1-октябр ҳолатига ижтимоий ҳимояга муҳтож 84,8 минг нафар бола ҳисобга олинган.
Ҳисобот даврида 192,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун 609 та уй-жой харид қилинган. Шунингдек, 527 нафар бола олий таълим муассасаларига имтиёзли тартибда қабул қилинган.
«Ёшларга ҳамроҳлик» дастури доирасида 7,4 минг нафар ёшга 14,4 миллиард сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилган.
Ижтимоий суғурта: 1,3 триллион сўм нафақа тўланган
Жорий йилдан ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, вақтинчалик меҳнатга лаёқацизлик нафақаларини фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз автоматик тайинлаш ва тўлаш тизими жорий этилган.
Ҳисобот даврида 111,8 минг нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 1,3 триллион сўм тўлаб берилган. 1-июлдан вақтинчалик меҳнатга лаёқацизлик нафақасини тайинлашнинг янги тартиби амалга киритилган.
Бу йўналишда 123,5 мингта ҳолат бўйича қарийб 160 миллиард сўм нафақа тўланган.
Агентликнинг таъкидлашича, ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳотлар нафақат моддий ёрдам бериш, балки фуқароларнинг мустақил ҳаёт кечириши, бандлигини таъминлаш ва зарур ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.




