Инстаграмъда Умр.Шам номи билан танилган, 600 мингга яқин обуначига эга блогернинг ижтимоий тармоқда тарқатган видеоси юзасидан Тошкент шаҳрида терговга қадар текширув бошланди.
Маълум бўлишича, блогер яқинда хонанда Мубина Аббосхонова — Мубинлоло клипига муносабат билдириб, видеоролик жойлаган. Мазкур ролик жамоатчиликда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган.
«Немолчи.уз» лойиҳасининг мурожаатида таъкидланишича, видеода блогер хонанда ижодини миллий маънавиятга зид деб баҳолаган ва уни ўлдириш ҳамда жасадини қора пакетга солишга ишора қилувчи саҳналарни намойиш этган.
Шунингдек, роликда жамиятда ўзлиги ва ор-номусини унутган одамлар кўпайгани ҳақида фикр билдирилиб, яна қора пакетлар олиб келиш сўралгани айтилган. Видео якунида Ўзбекистон давлат байроғи ҳамда Ички ишлар вазирлиги байроғи тасвирланган.
Мурожаатда видеони бир неча кун ичида миллиондан ортиқ киши кўргани ва унда зўравонлик ҳамда ўзбошимчалик билан жазолаш ғоялари илгари сурилгани таъкидланган. Кейинчалик мазкур видео блогернинг саҳифасидан ўчирилган.
Ҳолат юзасидан Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, видеони жойлаган шахс аниқланган ва ҳолат назоратга олинган.
Текширув якунига кўра ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Аввалроқ блогер Никита Макаренко мазкур ҳаракатларга Жиноят кодексининг 244¹-моддаси 1-қисми — жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ норма нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳо берилиши мумкинлигини билдирган.
Ҳозирча блогернинг ҳаракатларига нисбатан якуний ҳуқуқий баҳо берилгани ҳақида маълумот йўқ. Терговга қадар текширув натижасига кўра тегишли қарор қабул қилиниши кутилмоқда.




