Жамият

«Ҳақиқатга кўз юмилмоқда»: Хоразмда таржимон йигит 5 йилга ноҳақ қамалди — оила адолат сўрамоқда

Administrator10-сентябр, 2026, 11:5990 кўришлар
«Ҳақиқатга кўз юмилмоқда»: Хоразмда таржимон йигит 5 йилга ноҳақ қамалди — оила адолат сўрамоқда

Эффест.уз таҳририяти суриштирув жамоасига Хоразм вилояти Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи оила мурожаат қилди. Жабрланувчи Сухроб Аллазаровнинг онасига кўра, ўғли аввал терговга гувоҳ сифатида чақирилган, кейин эса гумонланувчига айлантирилиб, қамоққа олинган. Суд якунида унга 5 йил 1 ойлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Онасининг айтишича, воқеалар 2023 йилда бошланган. Унинг ўғли Хитойда таҳсил олгани ва хитой тилини билгани сабабли айрим тадбиркорларга Хитой билан мулоқот қилишда таржимонлик қилиб берган.

"Ўғлим фақат таржимонлик қилган эди"

Суҳроб 2014 йилда ўз оиласи буджет маблағлари эвазига Хитойга ўқишга юборилган, у ерда Урумчи шаҳридаги институтда 7 йил таълим олиб, Хитой тили мутахассиси бўлиб қайтган. Урганчдаги тадбиркор (Ниёзжон исмли аёл) ва унинг шериги Отажонов Жамол Хитойдан асбоб-ускуна, муқобил энергия мосламалари ва велосипед эҳтиёт қисмлари олиб келиш учун Сухробнинг тил билишидан фойдаланиб, уни таржимон ва мувофиқлаштирувчи сифатида жалб қилишган.

«Ўғлимни Хитойда ўқитганмиз. Давлат буджетидан эмас, оилавий маблағимиз ҳисобидан. Ҳали Хитой билан кўпчилик қизиқмаган вақтда боламиз тил ўргансин, Ўзбекистонга керак бўлади, деб ўқитганмиз», — дейди мурожаатчи.

Ёпилган фирма муҳри билан қандай қилиб кредит берилган?

Иш материалларига кўра, банкдан катта миқдордаги (380 минг доллар ва ундан ортиқ) кредитлар ажратилган. Кредит олишда тадбиркорлар ўз мулкларини гаровга қўйишган. Бироқ кредит беришда фаолияти тугатилган (ёпилган) фирманинг муҳри ва сохта ҳужжатлардан фойдаланилгани аниқланган.

Сухроб Аллазаровнинг онаси ишдаги энг муҳим саволлардан бири сифатида фирма фаолияти ва банк томонидан ажратилган кредитларни кўрсатмоқда.

«Банк шу ёпилган фирманинг муҳри билан қандай қилиб шунча катта суммадаги кредитни Хитойга чиқариб беряпти?» — дея савол қўяди мурожаатчи.

Суд ва тергов жараёнида экспертиза хулосаси бўйича ҳужжатлардаги муҳр ва имзолар Суҳробга тегишли эмаслиги исботланган бўлса-да, текширувда "имзони Суҳроб қўйган бўлиши мумкин" деган шубҳа ва тахминлар билан айблов илгари сурилган. Шунга қарамай, хитойлик инвестор/ҳамкорнинг ўзи ҳам Ўзбекистонга келиб терговда гувоҳ сифатида қатнашган ва Сухроб фақат таржимон сифатида ишлаганини тасдиқлаган, кейин суд жараёнларида ҳам онлайн тарзда иштирок этган.

Аммо кейинчалик терговчи ушбу хитойликни номаълум сабабларга кўра қидирувга бериб, ишни янада чигаллаштирган. Мурожаатчи бу ҳолатни ҳам тушунарсиз деб ҳисоблайди ва ўғлининг айбини исботлаш учун етарли далиллар бўлмаганини таъкидлайди. Оқибатда Сухроб дастлаб терговга гувоҳ сифатида чақирилган бўлса-да, кейинчалик унга тўсатдан 168-модда (фирибгарлик) бўйича айб эълон қилиниб, қамоққа олинган.

«Аввал гувоҳ сифатида ўғлимни чақиришди. Икки марта борди. Учинчи марта гумонланувчи қилишди ва дарҳол қамаб қўйишди», — дейди унинг онаси.

Мулк турганда нега таржимон тўлаши керак?

Ушбу жиноят ишида энг тушунарсиз ҳолат — банклар ва ижро тизимининг хатти-ҳаракатидир. Кредит таъминоти сифатида тадбиркор томонидан гаровга қўйилган кўчмас мулклар мавжуд бўлса-да, банк ушбу мулкларни ауксионга чиқариб қарзни ёпишни пайсалга солиб келган.

Вужудга келган 280 минг доллардан ортиқ зарарнинг тўлови эса суднинг солидар (биргаликдаги) жавобгарлиги сифатида айнан кредитни олмаган ва ундан манфаат кўрмаган таржимон Суҳроб Аллазаровнинг ҳам бўйнига қўйилган.

Агар битта фуқаро чет элда ўқиб келиб, шунчаки таржимонлик қилгани учун 5 йил-у 1 ойга қамалиб кеца, Ўзбекистон ёшлари замон талабларига мос бўлиб хорижда ўқишидан ҳеч қандай наф қолмайди. Мурожаатчилар ва журналистлар айнан шу масала атрофида жиддий эътироз билдирмоқда.

«Оддийгина таржимонлик қилгани учун... беш йил бир ойга қамалиб кеца, Ўзбекистоннинг ёшлари нима учун четга бориб ўқиши керак унда?» — дея мурожаат қилади у.

Суҳроб Аллазаровнинг оиласи апелляция инстансиясидан адолат кутмоқда ва Президент администрацияси, Бош прокуратура ҳамда Олий суд раҳбариятидан Урганчда бўлиб ўтаётган ушбу суд жараёнини, шунингдек, терговдаги ноҳақликларни ўз назоратига олишларини сўрамоқда.

Таҳририятимиз ҳамда жамоатчилик вакиллари давлат раҳбарининг судлар инсонлар умидини синдирмаслиги кераклиги ҳақидаги даъватига амал қилган ҳолда, ушбу жиноят иши холисона қайта кўриб чиқилишига ва адолат қарор топишига умид билдиради.

Муҳаммад Али Қозоқов, Эффеcт.уз

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«Ҳақиқатга кўз юмилмоқда»: Хоразмда таржимон йигит 5 йилга ноҳақ қамалди — оила адолат сўрамоқда | Effect.uz