Qorong‘i rejim
Жамият

«Е-ауксион» ва тадбиркорлар эътирози: ПФ–95 ҳамма учун бир хил, лекин нега унинг таъсири айнан Навоийда можарога айланди? Нормат Турсуновга 4 муҳим савол

Akmal Eshonxonov20 кўришлар
«Е-ауксион» ва тадбиркорлар эътирози: ПФ–95 ҳамма учун бир хил, лекин нега унинг таъсири айнан Навоийда можарога айланди? Нормат Турсуновга 4 муҳим савол

Навоий савдо комплексида амалдаги ижара шартномалари якунлангач, “Е-ауксион”га ўтиш масаласи: тадбиркорларни нима хавотирга солмоқда?

1-ноябр куни Навоий савдо комплекси тадбиркорлари ЭФФЕЦТ.УЗ орқали ўз муаммосини очиқ айтган эди: «Дўконларимиз ўзимизда қолсин». Орадан қарийб бир ой ўтди. Бугун ЭФФЕЦТ.УЗ жамоаси яна Навоийда. Тадбиркорлар ўзгариш кутаётган эди. Аммо бугун уларга кутилган ечим эмас, янги тартиб тушунтирилди.

Бозор ва солиқ масъуллари Президентнинг ПФ–95-сон фармонининг 8-бандини асос қилиб, амалдаги ижара шартномалари муддати тугагач, 2027-йил 1-январдан савдо дўконларини «Е-ауксион» орқали ижарага бериш тартиби қўлланишини тушунтирди. Тадбиркорлар эса бунга кескин норози.

Савол шуки: Президент фармони республика учун умумий талаб белгилаган бўлса, нега айнан Навоийда бу масала бундай кескин қаршиликка сабаб бўлмоқда?

Бир ой олдин бошланган масала бугун яна кун тартибида

ЭФФЕЦТ.УЗ Навоий савдо комплексида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг мурожаатини ёритган эди. Улар дўконларининг тақдири, иш жойи ва даромад манбасини сақлаб қолиш масаласидан хавотир билдирган.

Орадан қарийб бир ой ўтиб, таҳририят жамоаси воқеа жойига яна борди. Бугунги учрашувда тадбиркорларга янги тартиб тушунтирилди. Яъни мавжуд ижара шартномалари ўз муддати доирасида амал қилиши, кейин эса янги ижара муносабатларини «Е-ауксион» орқали ташкил этиш тартиби қўлланиши айтилди. Бу тушунтириш тадбиркорларни қониқтирмади. Аксинча, уларнинг эътирози янада кучайди.

ПФ–95нинг 8-банди нимани белгилайди?

ПФ–95-сон Президент фармонининг 8-бандида 2026-йил 1-июлдан бошлаб давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари балансидаги нотурар жой обектларини ижарага бериш «Е-ауксион» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилиши белгиланган.

Муҳим жиҳати шундаки, мазкур талаб Навоий вилояти учун алоҳида белгиланмаган. У республика бўйича белгиланган умумий тартибдир.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг очиқ маълумотларида «Навоий савдо комплекси» АЖда давлат улуши 76 фоиздан юқори экани кўрсатилади. Шу маънода мазкур комплекс ПФ–95нинг 8-бандида назарда тутилган мезонга мос келади.

Масала амалдаги шартномаларни муддатидан олдин бекор қилишда эмас

Таҳририят ўрганган ижара шартномаларидан бирида 2026-йил 5-январдан 31-декабргача амал қилиш муддати белгиланган. Ҳужжатда дўкон майдони, ижара ҳақи, тўлов муддатлари, томонларнинг мажбуриятлари ва шартномани бекор қилиш тартиби кўрсатилган.

Таҳририят хавфсизлик нуқтаи назаридан мазкур шартноманинг кимга тегишли эканини очиқламайди. Ҳужжатдаги шахсий маълумотлар ҳам ошкор этилмайди. У фақат Навоий савдо комплексидаги амалдаги ижара муносабатларининг умумий хусусиятларини тушуниш учун ўрганилди.

Демак, гап амалдаги шартномаларни муддатидан олдин бекор қилиш ҳақида эмас. Уларнинг муддати тугагач, янги ижара муносабатларини қандай тартибда ташкил этиш ҳақида кетмоқда.

Тадбиркорларни нима хавотирга солмоқда?

Тадбиркорларнинг асосий эътирози, аввало, «Е-ауксион»нинг ўзи мавжудлигига эмас, балки янги тартибдан кейин ўзлари ишлаб турган дўконларни сақлаб қолиш кафолатига бориб тақалмоқда.

Йиллар давомида бир жойда ишлаган тадбиркор учун дўкон шунчаки ижара обекти эмас. Унинг мижозлари, товар айланмаси, савдо инфратузилмаси ва бизнес модели шу жой билан боғланган. Айрим тадбиркорлар дўконларига таъмир ва жиҳозлаш учун маблағ сарфлаганини ҳам таъкидламоқда.

Шу сабабли уларни қизиқтираётган асосий савол: янги ауксионда бошқа иштирокчи ғолиб чиқса, ҳозирги ижарачининг тақдири қандай бўлади?

Нега айнан Навоийда бундай кескин эътироз?

ПФ–95 республика учун умумий талаб белгилаган. Таҳририятнинг ўрганишларига кўра, бошқа ҳудудларда ҳам давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган бозор ва савдо комплекслари мавжуд. Бироқ айнан Навоий савдо комплексидаги каби тадбиркорларнинг кескин ва оммавий эътирози бошқа ҳудудларда кузатилмаган.

Бу ҳолатнинг сабабини ҳам очиш керак. Нега бир хил талаб турли ҳудудларда турлича қабул қилинмоқда? Бошқа ҳудудларда амалиёт қандай йўлга қўйилган? Навоийда эса тадбиркорларнинг эътирозига сабаб бўлаётган қўшимча омиллар борми?

Бу саволларга жавоб бериш учун фақат маҳаллий масъулларнинг тушунтириши билан чекланиб қолиш етарли эмас. Масала республика даражасидаги ваколатли идоралардан ҳам аниқлаштиришни талаб қилади.

Ҳокимликнинг расмий муносабати: масала ўрганилаётган эди

Тадбиркорларнинг норозилиги жамоатчилик эътиборига чиққанидан сўнг, Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳам расмий муносабат билдирган. Ҳокимлик муносабатида тадбиркорларнинг «Навоий савдо комплекси» ҳудудидаги нотураржой обектларини электрон савдолар орқали ижарага бериш тартибидан норози экани қайд этилган. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан ижара муносабатларини тўғридан-тўғри шартнома асосида расмийлаштириш талаби қўйилаётгани очиқ айтилган.

Ҳокимлик вакиллари иштирокида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилиб, уларнинг мурожаат ва таклифлари эшитилган. Расмий муносабатда масалани чуқур ўрганиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда билдирилган таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланган. Энг муҳими, ҳокимлик ўша пайтда масала бўйича «тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилаётгани» ва мақбул ечимлар кўриб чиқилаётганини билдирган.

Бироқ расмий муносабатда тадбиркорлар талаби қаноатлантирилгани ёки улар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш бўйича қарор қабул қилингани айтилмаган. Аксинча, ҳокимликнинг ўзи ушбу муносабат талабнинг қабул қилингани ёки қаноатлантирилганини англатмаслигини алоҳида қайд этган.

Шунингдек, ҳокимлик «масаланинг якуний натижалари юзасидан жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади», деб маълум қилган. Энди эса савол бошқача қўйилмоқда: орадан вақт ўтиб, масалани ўрганиш натижасида қандай қарорга келинди?

Чунки 28-ноябр куни тадбиркорлар билан бўлган мулоқотда улар кутганидек тўғридан-тўғри ижара масаласида ечим эълон қилинмади. Аксинча, амалдаги шартномалар муддати тугагач, қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, «Е-ауксион» тартиби қўлланилиши тушунтирилди.

Демак, аввалги расмий муносабатда «масала ўрганилмоқда» дейилган бўлса, бугунги ҳолатда жамоатчилик учун асосий савол — ўша ўрганиш қандай натижа бергани ва тадбиркорларнинг таклифлари бўйича қандай амалий қарор қабул қилинганидир.

Бугунги тушунтиришдан кейин очиқ қолган саволлар

2027-йил 1-январдан қайси дўконлар «Е-ауксион»га чиқарилади: барчаси ёки муайян қисми?

Амалдаги ижарачилар янги ауксионда иштирок этишида қандайдир устуворлик ёки махсус механизм бўладими?

Ауксионда бошқа шахс ғолиб чиқса, аввалги тадбиркорнинг дўконга қилган таъмир ва жиҳозлаш харажатлари қандай ҳисобга олинади?

Дўконларнинг бошланғич ижара нархи ким томонидан ва қандай тартибда белгиланади?

Ауксионга чиқаришдан олдин тадбиркорларга қандай расмий хабар берилади?

Бугунги тушунтиришлардан ташқари, мазкур жараён бўйича қандай расмий ҳужжатлар қабул қилинган?

Бошқа вилоятлардаги давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган савдо комплексларида ПФ–95нинг 8-банди қандай амалга оширилмоқда?

ЭФФЕЦТ.УЗ Нормат Турсуновга савол йўллайди:

Ҳурматли вилоят ҳокими Нормат Турсунов! «Навоий савдо комплекси»да фаолият юритаётган тадбиркорлар билан боғлиқ вазият юзасидан қуйидаги саволларга ойдинлик киритишингизни сўраймиз:

1. Навоий шаҳар ҳокимлиги аввалроқ тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари ўрганилаётгани, мақбул ечимлар кўриб чиқилаётганини маълум қилган эди. Ушбу ўрганиш қандай натижа берди ва вилоят ҳокимлиги томонидан қандай қарор қабул қилинди?

2. Амалдаги ижара шартномалари 2026-йил 31-декабрда якунланиши ва кейин Э-ауксион тартиби қўлланилиши тушунтирилмоқда. Шу жараёнда ҳозирги ижарачиларнинг ўз дўконларини сақлаб қолиши учун қандай қонуний имконият ёки механизм мавжуд?

3. Тадбиркорлар йиллар давомида ўз дўконларига таъмир, жиҳозлаш ва бошқа сармоялар киритганини билдирмоқда. Агар улар Э-ауксион натижасида дўконини бошқа иштирокчига бой берса, ушбу сармоя ва қилинган харажатларнинг тақдири қандай бўлади?

4. ПФ–95 республика бўйича умумий талаб белгилаган. Нега унинг Навоийдаги қўлланилиши тадбиркорларнинг бундай кескин норозилигига сабаб бўлди ва вилоят ҳокимлиги ушбу вазиятни юмшатиш учун қандай амалий ечим таклиф қилмоқда?

ЭФФЕЦТ.УЗ Нормат Турсуновнинг ушбу саволларга муносабатини жамоатчиликка етказишга тайёр.

ЭФФЕЦТ.УЗ позицияси

ЭФФЕЦТ.УЗ ПФ–95нинг ўзига ёки «Е-ауксион» тартибига қарши позицияни илгари сурмаяпти. Фармонда белгиланган талабнинг мазмуни очиқ.

Бироқ ҳар қандай янги тартиб амалдаги тадбиркорлар учун нимани англатиши очиқ ва тушунарли бўлиши керак. Айниқса, йиллар давомида бир жойда ишлаб келган тадбиркорлар янги тартибда ўз бизнесини қандай давом эттириши масаласига аниқ жавоб берилиши муҳим.

Шунинг учун савол: «Ауксион бўладими?» эмас. Савол — «Ауксион қандай ўтказилади, кимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қандай ҳисобга олинади ва нега бу жараён айнан Навоийда тадбиркорларнинг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда?»

ЭФФЕЦТ.УЗ бу масалани кузатишда давом этади. Таҳририят тадбиркорларнинг позицияси билан бирга Навоий шаҳар ҳокимлиги, «Навоий савдо комплекси», солиқ органлари, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг расмий муносабатини ҳам ўрганади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«Е-ауксион» ва тадбиркорлар эътирози: ПФ–95 ҳамма учун бир хил, лекин нега унинг таъсири айнан Навоийда можарога айланди? Нормат Турсуновга 4 муҳим савол | Effect.uz