Мазкур мулк билан боғлиқ можаро атрофидаги баҳслар бир неча йилдан буён турли суд ва тергов жараёнларида давом этмоқда. Мурожаатчи Худошукур Қаландаров ва унинг ҳимоячиси маълум қилишича, воқеалар 2020 йилда Қаландаровнинг Хива ҳудудидан ер сотиб олиши билан бошланган.
Айтилишича, у Россия Федерациясидан қайтиб, ўз юртида яшаш ва уй қуриш мақсадида 40 сотих ер майдонини нотариал тартибда расмийлаштириб, жами 75 минг АҚШ долларига харид қилган. Ер давлат рўйхатидан ўтказилган ва шу вақт давомида солиқ тўловлари ҳам амалга ошириб келинган. Мурожаатчи томонининг таъкидлашича, кейинчалик ҳудудда ер нархлари кескин ошганидан сўнг ерни сотган оила аъзоларидан бири мазкур мулкни қайтариб олишга ҳаракат қилган. Адвокатнинг сўзларига кўра, дастлаб 100 минг АҚШ доллари, кейинроқ эса 60 минг доллар талаб қилинган. Унинг айтишича, бу талаблар аудиоёзувлар, ёзишмалар ва бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин.
Мурожаатчилар иддаосига кўра, талаб қилинган маблағ берилмаганидан кейин турли таҳдидлар бўлган. Суҳбатларда мулкка зарар етказиш, қурилган иншоотларни бузиш ва бошқа босим усуллари ҳақида гапирилган. Қаландаровнинг айтишича, орадан кўп ўтмай унинг ҳудудида қурилган икки уй бузиб ташланган. Унинг таъкидлашича, бу ишлар суд қарори ёки ижро ҳужжатларисиз амалга оширилган. Шундан сўнг мурожаатчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, хусусан Давлат хавфсизлик хизматига мурожаат қилган. Адвокатнинг маълум қилишича, махсус тадбир ташкил қилиниб, айтилган маблағнинг бир қисми — 60 минг АҚШ долларини олиш жараёнида гумонланувчи ушланган.
Бироқ айнан шу нуқта ишдаги асосий баҳсларга сабаб бўлмоқда. Мурожаатчиларнинг фикрича, таҳдидлар, пул талаб қилиш ва махсус тадбир натижалари мавжуд бўлишига қарамасдан, жиноят иши кейинчалик товламачилик эмас, балки Жиноят кодексининг 229-моддаси — «ўзбошимчалик» бўйича баҳоланган. Суд эса мазкур ҳуқуқий квалификацияни ўзгаришсиз қолдирган. Адвокат бу қарорни баҳсли деб ҳисобламоқда. Унинг фикрича, иш материалларида акс этган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришда бир қатор зиддиятлар мавжуд бўлиб, мазкур ҳолатни қайта кўриб чиқиш зарур.
Мурожаатчи томонининг таъкидлашича, қўшимча талаб қилинган 60 минг АҚШ доллари юзасидан ДХҲ томонидан йирик тезкор тадбир ўтказилган ва гумонланувчи ушланган. Шунингдек, мазкур иш доирасида ер учун аввал тўланган 75 минг доллар ҳам депозитга қўйилган. Бироқ мурожаатчиларга кўра, кейинчалик ишнинг ҳуқуқий баҳоси ўзгариб кетган. Шу муносабат билан улар: «ДХҲ 60 минг долларлик тезкор тадбир ўтказган, 75 минг долларни депозитга қўйиб берган эди. Нега бу ҳолатларга берилган дастлабки ҳуқуқий баҳо кейинчалик ўзгариб кетди?» дея савол қўймоқда.
Можаронинг яна бир қисми ер ҳужжатлари билан боғлиқ жиноят иши доирасида давом этган. Суд қарорлари натижасида аввал нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди битими ҳақиқий эмас деб топилган ва ер аввалги эгаларига қайтарилган. Мурожаатчи эса шу вақтга қадар тўлаган маблағини қайтариб ололмаганини билдирган. Кейинчалик мазкур ҳолатлар бўйича яна бир жиноят иши кўрилган. Адвокатнинг маълум қилишича, суд уч нафар шахсни фирибгарлик билан боғлиқ моддалар асосида айбдор деб топган ҳамда мурожаатчига етказилган 75 минг АҚШ долларини ундириш ҳақида қарор қабул қилган. Ҳозирда мазкур иш апелляция инстансиясида кўриб чиқилаётгани айтилмоқда.
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, бу воқеада ҳали ҳам жавобсиз қолаётган саволлар кўп. Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан махсус тадбир ўтказилган ҳолатнинг нега ички ишлар томонидан «ўзбошимчалик» сифатида баҳолангани, икки уйнинг бузилиши бўйича етказилган зарар нима сабабдан тўлиқ ҳисобланмагани ва тақдим этилган яққол далилларга қандай ҳуқуқий баҳо берилгани юзасидан аниқ изоҳлар берилмаган. Мурожаатчилар мазкур ҳолат бўйича Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ҳуқуқий муносабат билдирилишини, ДХХ баённомаларини енгил моддага буриб юборган масъулларга нисбатан хизмат текшируви тайинланишини ва ишдаги баҳсли жиҳатларга адолатли ойдинлик киритилишини сўрамоқда.
Хоразмдаги ушбу можаро шунчаки икки томон ўртасидаги мулкий баҳс эмас, балки мамлакатдаги инвестиция муҳити, хориждан қайтаётган ватандошларнинг мулк дахлсизлиги ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзаро мувофиқлиги масаласини ўртага чиқарувчи жиддий сигналдир. Чет элда йиллар давомида меҳнат қилиб, топган маблағини ўз юртига олиб келган ва давлат нотариуси орқали қонуний ер сотиб олган фуқаронинг бугунга келиб ҳам пулидан, ҳам еридан, ҳам қурган уйларидан айрилиб ўтириши асло адолатдан эмас.
Энг ташвишлиси, бир давлат органи (ДХХ) томонидан катта миқдордаги пул билан ўтказилган махсус тезкор тадбир натижаларининг бошқа бир идора (ИИБ) томонидан бир неча соат ичида «енгиллаштирилиши» ва жиноят ишининг йўналиши тубдан ўзгартириб юборилиши қонун устуворлигига бўлган ишончга соя солади. Агар қонуний расмийлаштирилган шартномалар, давлат идораларининг муҳрлари ва махсус тадбир далиллари ҳам фуқаро мулкини таҳдид ҳамда ўзбошимчаликдан ҳимоя қила олмаса, оддий халқ кимга ишониши керак?
Мазкур ишнинг апелляция босқичида юқори турувчи назорат органлари томонидан холис ва шаффоф кўриб чиқилиши нафақат Худошукур Қаландаровнинг ҳуқуқларини тиклаш, балки тизимдаги тил бириктириш ва қонунбузарликларга чек қўйиш учун ҳам сув ва ҳаводек зарур. Мазкур иш ортидан чиқариладиган адолатли қарор давлатнинг ўз фуқароси олдидаги масъулияти ва мулк дахлсизлиги амалда қандай ишлашини кўрсатувчи бош мезон бўлиб хизмат қилади.
Муҳаммад Али Қозоқов тайёрлади.




