Жамият

Боқувчиси қамоқда, уч бола нафақасиз: Ижтимоий ҳимояга савол?

Akmal Eshonxonov15 кўришлар
Боқувчиси қамоқда, уч бола нафақасиз: Ижтимоий ҳимояга савол?

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила ижтимоий ҳимоясиз қолса, бу тизим ким учун ишлайди?

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қалтотой қишлоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаётган оила тўрт ойдан буён болалар нафақасини ололмаяпти. Оиланинг боқувчиси Ж. Пардаев ҳозирда қамоқда, она эса фарзандлар тарбияси билан банд.

Шундай оғир вазиятда қолган оилага ижтимоий ёрдам тайинланмаётганининг сабаби эса нотўғри расмийлаштирилган маълумот билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Мурожаатда келтирилишича, нотариал маълумотлар базасида оилага тегишли бўлмаган автомобил бўйича ишончнома мавжуд. Айнан шу маълумот оиланинг ижтимоий ҳолатини баҳолаш жараёнида рад жавоби чиқишига сабаб бўлган. Оиланинг таъкидлашича, улар мазкур автомобилни ҳатто кўрмаган, ундан фойдаланмаган ва мулк сифатида эгалик ҳам қилмайди.

Натижада уч нафар вояга етмаган фарзандни тарбиялаётган, боқувчисидан амалда айрилган оила тўрт ойдан буён болалар нафақасисиз қолмоқда.

Энг жиддий савол эса маҳалладаги ижтимоий ҳимоя тизимининг амалдаги вазифаси билан боғлиқ.

Мурожаатчига кўра, ижтимоий ходим ва маҳалла еттилиги мазкур ҳолатга ечим топиш ўрнига скоринг тизимининг рад жавоби билан чекланмоқда.

Ахир ижтимоий ходимнинг вазифаси фақат электрон тизимдаги маълумотни кўриш ва уни такрорлашдан иборат эмас-ку? Унинг асосий вазифаларидан бири — оиланинг ҳақиқий ижтимоий аҳволини ўрганиш, эҳтиёжини аниқлаш ва зарур ёрдам кўрсатилишига кўмаклашиш эмасми?

Агар оиланинг боқувчиси қамоқда бўлса, она уч нафар вояга етмаган бола тарбияси билан банд бўлса, улар амалда фойдаланмайдиган ва ўзларига тегишли бўлмаган автомобил бўйича ишончнома қандай қилиб оиланинг моддий имконияти сифатида баҳоланиши мумкин?

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор: ишончнома автомобилнинг мулк ҳуқуқи оилага тегишли эканини ўз-ўзидан англатмайди. Демак, мазкур маълумотнинг нафақа тайинлашга таъсири ҳам ҳуқуқий ва фактик асослар билан текширилиши керак.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги эътиборига!

Агар ижтимоий ҳимояга энг кўп муҳтож оилалардан бири тўрт ой давомида болалар нафақасини ололмаётган бўлса, бу ҳолат тизимнинг амалдаги самарадорлиги ҳақида жиддий саволлар туғдиради.

Мазкур оилани яшаш жойига чиққан ҳолда ўрганиш, автомобил бўйича ишончноманинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш, ижтимоий ходим ва маҳалла еттилиги томонидан қандай чоралар кўрилганини текшириш зарур. Энг муҳими, электрон тизимдаги рад жавоби ортида реал ҳаётда уч нафар боланинг эҳтиёжлари турганини унутмаслик керак.

Ижтимоий ҳимоя тизими инсоннинг ҳақиқий аҳволини баҳолаш учун ишлаши керакми ёки инсон тақдири электрон тизимдаги битта маълумотга боғланиб қолиши керакми?

ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририяти Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигидан ушбу мурожаатни ўрганиб чиқишни, оилага нисбатан рад жавоби чиқарилишига асос бўлган маълумотларни текширишни ва қонуний ечим юзасидан расмий муносабат билдиришни сўрайди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Боқувчиси қамоқда, уч бола нафақасиз: Ижтимоий ҳимояга савол? | Effect.uz