2026-йил 16-ноябрдан Марказий банкнинг масофавий молиявий хизматлар хавфсизлигига оид низомига киритилган ўзгартишлар кучга кирди. Янги талаблар банк иловаларида пул ўтказмалари, рўйхатдан ўтиш ва биометрик идентификация тартибини ўзгартиради.
Эндиликда банклар ва тўлов ташкилотлари П2П ўтказмаларда ОТП-код ёки муқобил усул орқали тасдиқлаш талаб этилмайдиган энг юқори суммани мустақил белгилайди. Ушбу чегарадан юқори ўтказмалар эса мажбурий тасдиқланади. Тасдиқлаш талаб этилмаган ўтказмаларда фирибгарлик содир этилса, унинг учун банк ёки тўлов ташкилоти жавобгар бўлади.
Шунингдек, телефон рақами яқин қариндош номида бўлган фуқаролар ҳам банк иловасида рўйхатдан ўтиши мумкин. Бунинг учун қариндошлик муносабати тасдиқланиши лозим.
Иловада рўйхатдан ўтиш, паролни тиклаш ва аккаунтга бошқа қурилмадан киришда биометрик идентификация талаб этилади. Бироқ банк картасини иловага бириктиришда биометрия шарт эмас — ОТП-код орқали тасдиқлаш етарли бўлади.
Яна бир ўзгаришга кўра, аккаунтга бошқа қурилмадан кирилганда ёки парол тикланганда, иловадаги карталар ўчирилмайди. Улар вақтинча нофаол ҳолатга ўтказилади ва ОТП-код ёрдамида қайта фаоллаштирилади.
Бундан ташқари, қурилмада зарарли дастур ёки масофадан бошқариш воситаси аниқланса, банк мижозни СМС-хабар билан бирга ПУШ-билдиришнома орқали ҳам огоҳлантиради.




