Андижон вилоятидаги «Дўстлик» чегара божхона постидан қўшни давлатга чиқиб кетмоқчи бўлган юк автомобилидан 17 минг доллар нақд пул аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистондан қўшни давлатга ҳаракатланаётган юк автомобили белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган.
Текширув жараёнида ҳайдовчининг хатти-ҳаракатлари божхона ходимида шубҳа уйғотган. Шу сабабли транспорт воситаси батафсил кўрикдан ўтказилган.
Натижада автомобилнинг орқа ўриндиғига яширилган 17 минг доллар нақд пул топилган. Мазкур маблағ божхона назоратига тақдим этилмаган, шунингдек, оғзаки сўров давомида ҳам маълум қилинмаган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.




