Германиянинг нуфузли Дие Велт нашри Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқига қарши суд жараёнида эришган муҳим ҳуқуқий ғалабаси ҳақида мақола эълон қилди.
Нашрнинг ёзишича, Европа Иттифоқи 2022-йилда Усмоновга нисбатан санксиялар жорий этишда айрим тасдиқланмаган маълумотларга таянган. Жумладан, у Владимир Путиннинг ишончли вакили сифатида кўрсатилган. Бироқ Германия судида ушбу даъволарнинг асосли экани исботланмаган.
Усмонов Европа Иттифоқидан ўзи ҳақидаги асоссиз маълумотларни тарқатишни тўхтатишни талаб қилиб судга мурожаат қилган. Аммо Дие Велт маълумотига кўра, Германиянинг айрим давлат идоралари қарийб 3 йил давомида даъвонинг Европа Иттифоқи Кенгашига расман етказилишига тўсқинлик қилган.
2026-йил 21-октабрда Германия Федерал олий суди бундай ҳаракатларни ноқонуний деб топиб, Усмоновнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи бузилганини қайд этди. Қайд этилишича, Усмонов 22-сентабрда Европа Иттифоқининг санксиялар рўйхатидан чиқарилган бўлса-да, унга нисбатан билдирилган айрим айбловлар ҳануз расмий сайтларда сақланиб қолмоқда.
Дие Велт муаллифининг фикрича, мазкур қарор Европа Иттифоқи санксияларига тушган минглаб шахслар учун муҳим ҳуқуқий прецедент бўлиши мумкин. Энди улар ҳам ўзларига нисбатан тарқатилган асоссиз айбловларни миллий судларда баҳслашиш имкониятига эга бўлиши мумкин.




