Qorong‘i rejim
Жаҳон

“Аслида жабрланувчиман” – 18 ойлик сукутдан сўнг “Анорбанк” аксиядори Қаҳрамонжон Олимов ўз позициясини очиқлади

Akmal Eshonxonov207 кўришлар
“Аслида жабрланувчиман” – 18 ойлик сукутдан сўнг “Анорбанк” аксиядори Қаҳрамонжон Олимов ўз позициясини очиқлади

Сўнгги вақтларда Қаҳрамонжон Олимов номи атрофида турли даъволар ва ҳуқуқий жараёнлар муҳокама қилинмоқда. Энди тадбиркор ўзининг юридик вакили орқали ушбу воқеаларга илк бор очиқ муносабат билдириб, ўзига қўйилаётган айбловларни рад этди.

Қаҳрамонжон Олимов ФЕДИДА АССОЦИЕС юридик компанияси орқали тарқатилган баёнотида сўнгги 18 ой давомида ўзи ва оиласи турли ҳужумларга дуч келганини маълум қилган.

Олимовнинг айтишича, 2025-йил 24-июн куни Парижда ўғирлаб кетилган, икки кун давомида ноқонуний ушлаб турилган ва озодликка чиқиши учун товон пули тўлашга мажбурланган.

«2025-йил 24-июн куни Парижда мени ўғирлаб кетишди. Икки кун давомида ноқонуний равишда ушлаб туришди, қийноққа солишди ва озодликка чиқишим учун товон пули тўлашга мажбур қилишди», — дейди Олимов.

Унинг маълум қилишича, Франсия полицияси олиб борган тергов натижасида беш киши ҳибсга олинган ва судга қадар қамоқда сақланмоқда. Яна икки кишига нисбатан суд назорати чоралари қўлланган.

Олимовнинг сўзларига кўра, айбланувчиларни гаров эвазига озод қилиш ҳақидаги илтимосномалар рад этилган.

Интерпол билан боғлиқ масала

Баёнотнинг яна бир муҳим қисми — Интерпол билан боғлиқ вазият. Олимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томонидан унга нисбатан Интерполнинг халқаро қидирувга оид қизил билдиришномаси чиқарилган. Унда Олимов одам ўғирлашда айблангани айтилмоқда.

Олимов эса бу айбловни рад этиб, аксинча, мазкур жиноятда ўзи жабрланувчи бўлганини билдирган.

«Мени одам ўғирлашда айблашмоқда, ҳолбуки, бу жиноятнинг ўзидан мен жабрланувчи бўлганман. Мазкур қизил билдиришнома ҳозирда Интерпол веб-сайтидан олиб ташланган», — деган у.

Олимов ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилаётганини билдирган.

Шунингдек, унинг айтишича, сўнгги воқеалардан кейин ўзи ва бизнесларига нисбатан иқтисодий, ҳуқуқий ҳамда обрўсига путур етказишга қаратилган ҳаракатлар давом этган.

Олимов Франсия ва Ўзбекистон суд тизимларига ишонч билдириб, ўзи таъкидлаётган жиноятларга алоқадор шахслар қонун олдида жавоб беришларига ишонч билдирган.

Унинг фикрича, мазкур ҳолатларнинг холис ва ҳар томонлама ўрганилиши Ўзбекистоннинг халқаро обрўси, шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун очиқ ва ишончли муҳитни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.

Эслатма: баёнотда келтирилган ўғирлаш, қийноқ, товон пули талаб қилиниши ва бошқа ҳолатлар Олимов ҳамда унинг юридик вакили келтирган маълумотлардир. Ушбу даъволарнинг ҳуқуқий баҳоси тегишли тергов ва суд органлари томонидан берилиши лозим.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

“Аслида жабрланувчиман” – 18 ойлик сукутдан сўнг “Анорбанк” аксиядори Қаҳрамонжон Олимов ўз позициясини очиқлади | Effect.uz