Жаҳон

Эрон элчиси Ўзбекистон ТИВга чақирилди — элчига норозилик нотаси топширилди

Akmal Eshonxonov154 кўришлар
Эрон элчиси Ўзбекистон ТИВга чақирилди — элчига норозилик нотаси топширилди

Самарқанднинг тарихий-маданий меросига оид айрим материаллар Теҳроннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан бирёқлама ва сиёсий мақсадларда талқин қилингани Тошкентнинг кескин эътирозига сабаб бўлди.

2026-йил 23-октябр куни Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Учрашувда Эрон томонига Ўзбекистоннинг қатъий эътирозини ифодаловчи норозилик нотаси топширилди.

Норозиликка Эроннинг хорижий давлатлардаги бир қатор дипломатик ваколатхоналари томонидан «Х» ижтимоий тармоғида Самарқанд шаҳрининг тарихий-маданий меросини бирёқлама ва сиёсий мақсадларда талқин қилувчи материаллар эълон қилингани сабаб бўлган.

Учрашувда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа тарихий шаҳарлари мероси асрлар давомида шаклланган бой ва кўп қиррали тарихий-маданий тараққиётнинг ажралмас қисми экани таъкидланди.

Ўзбекистон томони Самарқанднинг тарихий-маданий қиёфаси ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи, давлатчилик анъаналари ва маданий тараққиётини акс эттиришини қайд этди.

Шунингдек, дипломатик ваколатхоналарнинг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинадиган материаллар ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига мувофиқ бўлиши, тарихий-маданий масалалар эса сиёсийлаштирилмаслиги лозимлиги урғуланди.

Эрон томонига тегишли постларни дипломатик ваколатхоналарнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан олиб ташлаш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўриш талаби билдирилди.

Ўзбекистон Эрон билан ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни қадрлашини билдирган ҳолда, мамлакатнинг тарихий-маданий меросини бирёқлама талқин қилишга нисбатан принсипиал позициясини сақлаб қолишини таъкидлади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар