Ота-оналар фарзандларининг таълими учун шартнома тўловларини амалга оширади. Университет эса талабаларни қаерда ва қандай шароитда ўқитиши, уларнинг таълим олиш ҳуқуқини қандай кафолатлаши ҳақида жавоб бериши керак. Аммо Навоий инновациялар университети атрофидаги вазиятда айнан шу каби саволларга жавоб йўқ.
Навоий вилоятида фаолият юритаётган Навоий инновациялар университети атрофида тўпланган эътирозлар энди оддий маиший ёки ички ташкилий муаммолар доирасидан чиқиб кетди. Ота-оналар, талабалар ва университет ходимлари номидан йўлланган мурожаатларда таълим биноларининг ҳуқуқий мақоми, моддий-техник база, ўқитувчиларнинг меҳнат шароити, молиявий фаолият, раҳбариятдаги эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ва давлат органлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаси юзасидан жиддий саволлар қўйилган.
Энг ташвишли жиҳати — турли мурожаатларда 12–14 минг нафар атрофида талаба таҳсил олаётгани айтилмоқда. Уларнинг аниқ сони расмий маълумотлар асосида текширилиши лозим. Аммо рақам 12 мингми, 13 мингми ёки 14 мингми — бу ерда гап минглаб ёшларнинг тақдири ҳақида кетмоқда. Улар университет раҳбариятининг ташкилий ва молиявий қарорлари оқибатида таълим жараёнида узилишларга дуч келмаслиги керак.
Вазирлик текширув белгилаган, натижасиз?
Тақдим этилган ҳужжатлар орасида собиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026-йил 24-апрелдаги хати бор. Унда вазирликка келиб тушган мурожаатлар юзасидан вазирнинг 156-сон буйруғи қабул қилингани ва шу буйруқ асосида 2026-йил 27–29-апрел кунлари «Навоий инновациялар университети» МЧЖ фаолияти текширув дастурига мувофиқ ўрганилиши белгилангани маълум қилинган.

Демак, университет фаолияти юзасидан эътирозлар аввал ҳам ваколатли давлат органига етказилган ва расмий ўрганиш тайинланган.
Бироқ ота-оналар ва мурожаатчиларнинг айтишича, шундан кейин ҳам улар кўтарган муаммолар ечимини топмаган. Агар текширув ўтказилган бўлса, унинг натижаси нима бўлган? Қандай камчиликлар аниқланган? Университет раҳбариятига қайси кўрсатмалар берилган? Улар бажарилганми?
Бу саволларга жавоб бериш учун текширув далолатномаси, якуний маълумотнома ва кўрилган чоралар ҳақидаги расмий ҳужжатлар жамоатчиликка тақдим этилиши зарур.
Акс ҳолда, текширув тайинлангани ҳақидаги хатнинг ўзи муаммо ҳал этилганини англатмайди. Давлат назоратининг мақсади қоғозда ўрганиш белгилаш эмас, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.
А блок, Ц блок ва талабалар учун яратилган шароитлар
Мурожаатлардаги асосий эътирозлардан бири — университетнинг моддий-техник базаси ва ўқув бинолари билан боғлиқ. Тақдим этилган фотосуратларда университетнинг А блоки сифатида кўрсатилган бино ҳамда Ц блок деб белгиланган алоҳида бино акс этган. Ц блок акс этган коллажда у «автошкола» сифатида ҳам кўрсатилган.

Ота-оналар ва талабалар мурожаатларида университет айрим машғулотларни юридик техникум, автошкола ва бошқа биноларда ташкил этаётгани, ушбу манзилларнинг лицензия ва бошқа рухсат ҳужжатларида акс этган-етмагани юзасидан шубҳалар билдирилган.
Бу ерда бир нарсани аниқлаштириш лозим: биноларнинг ташқи кўриниши уларда таълим жараёни қонуний ёки ноқонуний ташкил этилганини исботламайди. Бунинг учун университет лицензиясида кўрсатилган таълим манзиллари, кадастр ҳужжатлари, ижара шартномалари ва амалдаги ўқув жараёни ўзаро солиштирилиши шарт.
Шу билан бирга, А блокнинг ертўла қисмини ёмғир ёққанда сув босиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Агар бу ҳолат тасдиқланса, ертўладан қандай мақсадда фойдаланилаётгани, у ерда дарс ўтилиши ёки талабалар бўлиши, электр ва санитария хавфсизлиги талабларига риоя этилиши алоҳида текширилиши керак.

Университет раҳбариятидан оддий савол сўралади: минглаб талабаларнинг таълими учун етарли, хавфсиз ва белгиланган талабларга жавоб берадиган инфратузилма мавжудми?
Давлат мулки ижараси бўйича ҳужжатлар нимани кўрсатмоқда?
Тақдим этилган яна бир муҳим ҳужжат — Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки обектларидан самарали фойдаланиш маркази Навоий вилояти ҳудудий бошқармасининг 2026-йил 25-майдаги хати.
Унда Президентнинг 2025-йил 8-сентябрдаги ПҚ-278-сон қарорига асосан «Навоий юридик техникуми» давлат муассасаси биноси Навоий шаҳридаги муҳандислик мактабига ўтгани қайд этилган.

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги 2026-йил 15-апрелдаги хати билан мурожаат қилгани кўрсатилган. Давлат мулки маркази эса университетга онлайн-ижара тизими орқали юборилган ижара шартномаларини бекор қилиш ҳужжатларини имзолашни сўраган.
Бу ҳужжат университет фойдаланиб келган давлат мулки обектларига оид ижара муносабатларида ўзгариш бўлганини кўрсатади. Бироқ хатнинг ўзи шартномалар амалда бекор қилингани ёки бино бўшатилганини тасдиқламайди.
Шундай экан, бир нечта муҳим савол пайдо бўлади: қайси бино бўйича ижара шартномаси бекор қилиниши керак бўлган? Шартнома ҳақиқатан бекор қилинганми? Агар бекор қилинган бўлса, университет ушбу бинодан кейинчалик қандай ҳуқуқий асосда фойдаланган? Энг муҳими, мазкур ўзгаришлар талабаларнинг ўқув жараёнига қандай таъсир кўрсатган?
Давлат мулкидан фойдаланиш масаласидаги ҳар қандай ҳуқуқий ўзгариш олдиндан режалаштирилиши ва талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқига зарар етказмаслиги шарт.
14 минг талаба қаерда таълим олади?
Мурожаатлардаги энг жиддий хавотирлардан бири — университетнинг ўқув бинолари етарли эмаслиги ва талабалар сони билан мавжуд инфратузилма ўртасида номутаносиблик борлиги ҳақидаги даъволар.
Ота-оналар мурожаатида айрим маълумотларда талабалар сони 14 минг нафар атрофида экани айтилган. Бошқа мурожаатда эса 12 мингдан ортиқ талаба ҳақида сўз боради. Университет жамоаси номидан йўлланган фавқулодда мурожаатда муассасада 13 мингга яқин ёш таҳсил олаётгани, 300 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи ва ходим меҳнат қилаётгани қайд этилган.
Рақамлардаги ушбу фарқ ҳам алоҳида текширилиши лозим. Университетда амалда қанча талаба бор? Уларнинг нечтаси кундузги, сиртқи ёки бошқа таълим шаклида ўқийди? Ҳар бир таълим йўналиши бўйича ўқув жараёни қайси манзилда ташкил этилган? Биноларнинг сиғими талабалар сонига мос келадими?

Мурожаатда 2026-йил 5-октябр куни биринчи курс талабаларининг бир вақтда чақирилгани, айримларига дарс ўтилмагани ёки аудиториялар етишмаслиги сабабли бошқа жойларга йўналтирилгани ҳақида ҳам маълумот берилган. Бу ҳолатлар ҳам ҲЕМИС маълумотлари, дарс жадваллари, аудиториялар сиғими ва талабаларнинг кўрсатмалари орқали текширилиши керак.
Агар университетда ҳақиқатан ҳам 14 минг нафарга яқин талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг таълими учун зарур бўлган аудиториялар, лабораториялар, кутубхона, санитария шароитлари ва бошқа инфратузилма талаб даражасида бўлиши шарт.
Бу — университет раҳбариятининг ихтиёридаги масала эмас. Бу талабаларнинг қонуний таълим олиш ҳуқуқи билан боғлиқ мажбуриятдир.
Молиявий фаолият ва манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги оғир даъволар
Университет жамоаси номидан Президент ва бир қатор ваколатли давлат органларига йўлланган янги фавқулодда мурожаатда молиявий фаолият юзасидан ҳам жиддий айбловлар келтирилган.
Мурожаат муаллифлари университетнинг бош директори Элдўст Раҳмоновнинг аввал вазирлик тизимида ишлаган даври ва университетга лицензия расмийлаштирилиши жараёнида манфаатлар тўқнашуви бўлган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. Шунингдек, университетдаги молиявий операциялар, шартнома тўловлари, солиқ мажбуриятлари ва пул маблағларининг сарфланиши юзасидан мустақил тафтиш ўтказишни сўрашган.
Мурожаатда сўнгги тўрт йил давомида талабалар шартнома тўловлари ҳисобидан университетга йилига 150 миллиард сўмдан ортиқ, умумий ҳисобда эса 500–600 миллиард сўм атрофида маблағ келиб тушгани ҳақида даъво келтирилган. Шу билан бирга, сохта хизмат кўрсатувчи субектлар орқали пул маблағларини нақдлаштириш, солиқлардан бўйин товлаш ва маблағларни ўзлаштириш ҳақида ҳам оғир айбловлар билдирилган.
Мурожаатда ички аудит ва назорат лавозимларига раҳбарнинг яқин қариндошлари, танишлари ва курсдошлари тайинлангани, эътироз билдирган ходимларга босим ўтказилгани ва улар асоссиз ишдан бўшатилгани ҳақида ҳам ёзилган.
Албатта, бу даъволарнинг бирортасини текширувсиз исботланган жиноят деб баҳолаб бўлмайди. Бироқ уларни шунчаки инкор этиш ҳам мумкин эмас. Айниқса, гап минглаб талабалар тўлаган шартнома маблағлари ва таълим муассасасининг молиявий шаффофлиги ҳақида бораётган бир пайтда.
Шу сабабли университетнинг 2022–2026-йиллардаги молиявий фаолияти, банк ҳисобварақлари бўйича операциялари, шартнома тушумлари, харажатлари, қурилиш ва ижара тўловлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан битимлари мустақил ва холис текширилиши лозим.
Агар маблағлар қонуний сарфланган бўлса, аудит натижалари буни кўрсатади. Агар қонунбузилишлар мавжуд бўлса, уларга ҳуқуқий баҳо берилиши шарт.
Ўқитувчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳам савол остида
Мурожаатларда профессор-ўқитувчиларнинг иш юкламаси ва меҳнат шароити юзасидан ҳам эътирозлар билдирилган. Жумладан, айрим ўқитувчиларга бир ставка учун 650–800 соатгача аудитория машғулотлари юклатилгани, иш ҳақи ва қўшимча тўловлар масаласида муаммолар мавжудлиги, эътироз билдирган ходимларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилингани ҳақида маълумотлар келтирилган.
Бу рақамлар ва ҳолатлар меҳнат шартномалари, тарификация ҳужжатлари, дарс жадваллари, иш вақти ҳисоботи ва иш ҳақи ведомостлари орқали текширилиши керак.
Университетда таълим сифати учун масъул бўлган ўқитувчиларнинг ўзи меҳнат ҳуқуқлари ҳимояланмаган шароитда ишласа, бу таълим жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Янги қабулни давом эттиришдан олдин жавоб берилиши керак бўлган саволлар бор
Мурожаат муаллифлари 2026–2027 ўқув йили учун янги талабалар қабул қилиш жараёнини ҳам тўхтатишни сўрашган. Уларнинг фикрича, мавжуд талабалар учун ҳам бино ва шароит масаласи ҳал этилмаган бир пайтда янги қабулни давом эттириш келгусида муаммони янада оғирлаштириши мумкин.
Бу эътирозни жиддий қабул қилиш керак. Чунки янги қабул — фақат абитуриентлардан шартнома тўловларини қабул қилиш эмас. Бу университет зиммасига янги мажбуриятлар олиш, уларни белгиланган таълим дастурлари асосида ўқитиш, зарур аудитория ва ўқитувчилар билан таъминлаш демакдир.
Университет раҳбарияти янги қабулни давом эттиришдан олдин мавжуд талабаларнинг таълими қандай ташкил этилгани, биноларнинг қонуний мақоми ва ўқув сиғими ҳақида жамоатчиликка аниқ маълумот бериши шарт.
Ҳозирги талабаларнинг таълими тўлиқ таъминланмаган бўлса, янги абитуриентларни ҳам қабул қилиш орқали масъулиятни янада ошириш қандай асосга эга?
Вазирлик алмашди, аммо муаммо эскилигича қолмаслиги керак
Аввалги мурожаатлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига йўлланган. Ҳозир эса вазирлик қайта ташкил этилган ва таълим ҳамда илм-фан соҳасидаги масъулият янги вазирлик зиммасига ўтган.
Шу боис ушбу масала янги раҳбарият — Таълим ва илм-фан вазирлиги томонидан ҳам алоҳида назоратга олиниши керак. Вазирлик раҳбари Эркинжон Турдимовдан университет атрофидаги эътирозларга умумий ва расмиятчиликка асосланган жавоб эмас, балки ҳужжатлар билан тасдиқланган аниқ муносабат кутилади.

Апрел ойида текширув белгиланган бўлса, унинг натижаси очиқланиши, май ойида давлат мулки ижараси бўйича хат юборилган бўлса, шартномаларнинг кейинги тақдири маълум қилиниши, талабалар сони ва ўқув биноларининг сиғими бўйича расмий рақамлар тақдим этилиши зарур.
Масала фақат университет раҳбариятининг изоҳ бериши билан чекланмаслиги керак. Бу ерда таълим сифати, давлат мулки, молиявий шаффофлик ва минглаб ёшларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ бир-бирига чамбарчас боғланган саволлар бор.
ЭФФЕЦТ.УЗ расмий изоҳ ва ҳужжатларни очиқлашни сўрайди
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан қуйидаги идоралардан расмий муносабат ва ҳужжатли изоҳ сўраймиз:
Таълим ва илм-фан вазирлиги — университетнинг амалдаги лицензияси, таълим манзиллари, талабалар сони, ўқув бинолари сиғими, 27–29-апрел кунлари ўтказилган ўрганиш натижалари ва аниқланган камчиликлар ҳақида;
Давлат активларини бошқариш агентлиги — университет фойдаланган давлат мулки обектлари, ижара шартномалари ва уларнинг бекор қилиниши бўйича;
Солиқ органлари — мурожаатда келтирилган молиявий айланмалар ва солиқ мажбуриятлари юзасидан қонун доирасида текширув ўтказилган-ўтказилмагани ҳақида;
Коррупсияга қарши курашиш агентлиги — раҳбариятда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ва кадрлар тайинлови билан боғлиқ даъволар юзасидан;
Бош прокуратура — молиявий қонунбузилишлар, давлат мулкидан фойдаланиш ва мурожаатларда келтирилган бошқа ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш масаласида.
Шунингдек, университет раҳбариятидан ҳам барча саволларга очиқ ва ҳужжатларга асосланган жавоб беришни сўраймиз. Энг аввало, талабаларга аниқ жавоб керак: улар қаерда, қандай шароитда ва қайси ҳуқуқий асосда таълим олишда давом этади?
14 минг нафарга яқин талаба — бу шунчаки статистика эмас. Уларнинг ҳар бири ота-онасининг ишончи, маблағи ва келажак режаси билан университетга келган. Уларнинг таълим олиш ҳуқуқи раҳбариятнинг ташкилий хатолари, эҳтимолий молиявий муаммолар ёки давлат мулки бўйича ҳал этилмаган муносабатлар қурбонига айланмаслиги шарт.
Университет раҳбарияти бир нарсани унутмаслиги керак: талабаларнинг шартнома тўловларини қабул қилиш ҳуқуқи уларга сифатли ва қонуний таълим бериш мажбурияти билан бирга келади. Бу мажбуриятни бажариш имконияти бўлмаса, унинг оқибатини талабалар ва ота-оналар зиммасига юклаш мумкин эмас.
Таълим муассасаси минглаб ёшларнинг келажаги учун масъул. Университет раҳбарияти бу масъулиятни қандай бажараётгани эса энди фақат ички масала эмас — жамоатчилик ва давлат назорати талаб қиладиган масалага айланган.




