Жиззах вилоятининг Зомин туманида яшовчи фуқаро хонадонида каннабис етиштириш учун махсус шароит яратгани аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида 1977-йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжаликлари холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Текширув жараёнида хонадондан каннабиснинг 8 тупдан 22 тупгача бўлган майда ниҳоллари ҳамда гугурт қутичаларида сақланган 4 дона уруғи топилган.
Шунингдек, ўсимликларни махсус шароитда парваришлаш учун мўлжалланган ЛЕД лампалар, кимёвий моддалар, қуритилган каннабисга ишлов бериш ва уни қадоқлаш жиҳозлари ҳамда электрон тарози аниқланган.
Топилган ашёлар белгиланган тартибда расмийлаштирилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.




