Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида гул кўчатлари харид қилиш, ижтимоий ёрдам, маҳалла биносини қуриш ва бошқа мақсадлар учун бюджетдан жами 2 миллиард 230 миллион сўм ажратилди. Бу бўйича шаҳар ҳокими Темур Давлетов тегишли фармойишларни имзолаган.
Ҳужжатлардан бирига кўра, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида манзарали бута ва гул кўчатларини харид қилиш учун 850 миллион сўм йўналтирилади. Шунингдек, ободонлаштириш ишларида қатнашадиган транспорт воситалари учун дизел ёқилғиси харажатларига 30 миллион сўм ажратилган. Жами 880 миллион сўм Шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ўтказилади.
Бундан ташқари, «Калта минор» маҳалласи биносини янгидан қуриш учун шаҳар ҳокимлигига 685 миллион сўм ажратиш белгиланган.
Ҳокимлик яна кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш учун 165 миллион сўм олади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун ёзги болалар оромгоҳларини ташкил этишга 400 миллион сўм, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг моддий-техник базасини таъминлашга эса 100 миллион сўм йўналтирилади.
Мазкур маблағлар маҳаллий бюджет даромадларининг орттириб бажарилган қисми ҳамда ер участкаларини сотишдан тушган тушумлар ҳисобидан ажратилиши белгиланган.



