Суд амалиётида даъвони қаноатлантирмасликнинг янги, «антиқа» усули пайдо бўлди. Бу усулнинг моҳияти оддий: даъвогар ва унинг вакили келтирган важларга умуман баҳо бермаслик. Уларни кўрмаганга олиб, жимгина ўтириш. Шикоятда важларни қайта-қайта ёзсангиз ҳам натижа ўзгармайди. Қонунда нима дейилгани, Олий суд Пленуми қарорларида нима тушунтирилгани гўё аҳамияциз.
Бу гапим асоссиз бўлмаслиги учун битта аниқ ҳужжатни мисол қилиб келтираман. Бу Олий суд судяси М.Рабиева томонидан 2026-йил 13-ноябрда чиқарилган ажрим. Ажрим билан 2-2001-2608/87-сонли фуқаролик иши бўйича тафтиш шикоятини Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш рад этилган.
Иш нима ҳақида
Даъвогар У.Б. «Ўзбекистон Миллий метрология институти» давлат муассасаси Бухоро филиали бошлиғи лавозимида қарийб беш йил ишлаган. 2025-йил апрелида меҳнат шартномаси унинг аризаси асосида бекор қилинган. Даъвогар аризани иш берувчининг икки ойдан кейин бошқа иш бериш ҳақидаги ваъдасига ишониб ёзганини айтади. Ваъда бажарилмагач, у ишга тиклашни сўраб судга мурожаат қилган.
Бухоро туманлараро суди 2026-йил 26-мартда даъвони даъво муддати ўтказиб юборилгани сабабли рад этган. Навоий вилоят судининг апелляция (7-июл) ва тафтиш (5-октябр) инстансиялари бу қарорни ўзгаришсиз қолдирган. Олий суд судяси эса шикоятни судлов ҳайъатига ўтказишни рад этган.
Ажримнинг ўзи ўз хулосасини инкор этади
Энг қизиғи шундаки, ажримни ўқиш кифоя. Унда келтирилган фактларнинг ўзи чиқарилган хулосага зид келади.
Биринчи. Ажримда буйруқ 2025-йил 21-апрелда иш берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлангани ёзилган. Шу ажримнинг ўзида даъвогар 2025-йил 18-апрелда буйруқ билан таништирилгани айтилади. Ҳали тасдиқланмаган буйруқ билан қандай қилиб таништириш мумкин? Бу саволга ажримда жавоб йўқ.
Иккинчи. Ажримда Меҳнат кодексининг 560-моддасига ҳавола қилинган. Унга кўра, муддат буйруқ нусхаси топширилган кундан бошлаб ҳисобланади. Аммо ишда буйруқ билан «таништирилгани» ҳақидаги тилхат бор, холос. Нусха айнан қачон ва кимга топширилгани ажримда кўрсатилмаган.
Учинчи. РСЕМ Самарқанд вилоятлараро бўлимининг 2026-йил 22-июндаги хулосасига кўра, тилхатдаги буйруқ ҳақидаги қўлёзма ёзувлар даъвогарга тегишли эмас. Бу хулоса ажримнинг ўзида келтирилган. Шунга қарамай, суд айнан шу тилхатни муддат бошланишига асос қилиб олган. Эксперт хулосаси даъвогар фойдасига бўлса, унга баҳо берилмайди.
Тўртинчи. Меҳнат дафтарчасини даъвогарнинг ўзи эмас, 2025-йил 23-апрелда ишончнома асосида бошқа шахс олган. Бу ҳолат ҳам даъвогар буйруқ нусхасини шахсан олганини исботламайди.
Бешинчи. Даъвогарнинг асосий важи шундан иборат: ариза иш берувчининг ваъдасига ишониб ёзилган, яъни у ихтиёрий бўлмаган. Бу важ муддатни узрли сабаб билан тиклаш масаласига ҳам бевосита алоқадор. Ажримда бу ҳақда бирор жумла йўқ.
«Ўрганилган ва тўғри баҳо берилган» — жавоб ўрнидаги қолип
Шикоятдаги барча важларга ажримда битта жумла билан «жавоб» берилган. Унда важлар «вилоят суди тафтиш инстансияси томонидан ўрганилган ва суд ҳужжатларига тегишли тўғри ҳуқуқий баҳо берилган» дейилади. Қайси важ қандай ўрганилгани ҳам, нима учун асоссиз деб топилгани ҳам айтилмаган.
Бу ҳолатда ҳар бир инстансия бир-бирига ишора қилади. Туман суди муддатга таянади. Апелляция туман судини маъқуллайди. Вилоят тафтиш инстансияси апелляцияни маъқуллайди. Олий суд судяси эса «вилоят суди ўрганган» деб қўя қолади. Натижада даъвогарнинг важларини аслида ҳеч ким мазмунан кўриб чиқмайди.
Фуқаролик процессуал кодекси суд ҳужжатининг асослантирилган бўлишини талаб қилади. Тарафларнинг важлари рад этилган бўлса, улар нима сабабдан рад этилгани кўрсатилиши шарт. Олий суд Пленуми ҳам судларга буни қайта-қайта тушунтирган. Важга баҳо бермаслик ҳам амалда унга баҳо беришнинг бир шакли бўлиб қолмоқда. Фақат бу баҳо қонунга эмас, қулайликка асосланган.
Бу шунчаки битта иш эмас
Бундай ажримлар фуқаронинг судга бўлган ишончини емиради. Одам ўз важларини ёзиб, далил тўплаб, экспертиза ўтказиб, бир неча инстансиядан ўтади. Охирида эса бирорта важига жавоб ололмайди. Бу ҳолатда суд ҳимоя воситаси бўлишдан тўхтаб, расмиятчиликка айланади.
Шу боис мен қуйидагиларни зарур деб ҳисоблайман:
Олий суд раиси важларга баҳо бермасдан чиқарилаётган қолипли ажримлар амалиётини ўрганиши ва бу масалада аниқ кўрсатма бериши керак.
Судялар олий кенгаши суд ҳужжатларининг асослантирилганлиги масаласини алоҳида назоратга олиши лозим.
Судялар малака ҳайъати қонун ва Пленум тушунтиришларини атайлаб эътиборсиз қолдирган судяларга нисбатан қонунда белгиланган чораларни кўриши шарт.
Мазкур ажримга нисбатан Олий суд раиси (ўринбосари) номига уни бекор қилиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқи бор ва биз ундан фойдаланамиз. Аммо масала битта иш доирасидан анча кенг. Суд важни эшитмаса, у адолатни ҳам эшитмайди.
Шавкат Мавлянов, адвокат




