Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Агар Миллий байроқ тўғри тарғиб қилинса, у ҳар қайси тарқоқ халқни ҳам бирлаштириши мумкин!

Akmal Eshonxonov47 кўришлар
Агар Миллий байроқ тўғри тарғиб қилинса, у ҳар қайси тарқоқ халқни ҳам бирлаштириши мумкин!

Миллий байроқни фақат давлат ташкилотлари биносига осиб қўйиш билан ватанпарварликни шакллантириб бўлмайди. Уни халқнинг қалбига олиб кириш керак!

Миллий байроғимиз ҳар бир юртдошимиз учун шунчаки давлат рамзи эмас, балки «Мен кимман? Қайси халқ фарзандиман? Қайси Ватан билан фахрланаман?» деган саволларга жавоб берувчи умумий миллий қадриятга айланиши керак. Миллий ўзлигимиз рамзи саналган байроғимиз тарғиботини одатда ҳар йили у қабул қилинган кун арафасида ўтказамиз. Аслида эса, йил ўн икки ой тарғибот муҳитини яратиб, халқимизни болалигидан миллий байроғимиздан фахр кўникмасини шакллантиришимиз керак! Миллий байроғимиз нафақат давлат ташкилотларида, корхоналар, таълим муассасаларига кираверишидан тортиб ҳар бир хонадонларда ҳам бўлиши шарт!

Давлат байроғи фақат давлат идораларининг расмий атрибути бўлиб қолмаслиги керак. Республиканинг барча йирик савдо ва хизмат кўрсатиш марказларида миллий рамзлар бурчакларини яратишимиз ва ҳатто хорижий туристлар ташриф буюрадиган барча тарихий-маданий биноларнинг кириш қисмига илишимиз керак деб ҳисоблайман.

Байроқни ҳар бир хонадонга олиб кириш!

Мустақиллигимиз бош рамзи саналган миллий байроғимизни ҳар бир хонадонда бўлиши муҳитини яратишимиз керак. Энг асосийси бу тизим мажбурий талабга эмас, балки шу ватанда истиқомат қиладиган ҳар бир ватандошнинг фахр билан қабул қиладиган ихтиёрий қадриятига айланиши керак. Бунинг учун эса ҳар қайси янги қуриладиган уй-жой мажмуаларида, маҳаллаларда байроқ ўрнатиш учун қулай жойлар яратиш ва унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш маданиятини тарғиб қилиш, ёш оилаларга никоҳ ёки янги уйга кўчиб кириш ва ҳатто фарзандли бўлиш муносабати билан Давлат байроғини совға қилиш анъанасини шакллантирайлик.

Болалардаги ватанпарварлик фақат шиорлар билан шаклланмайди. Ватанпарварлик ва дахлдорлик болаликдан сингдирилган қадриятлар, оилавий муҳит ва кундалик ҳаётдаги амалий намуналардан бошланади. Бу йўлда айнан байроқни ундаги фахр ва дахлдорлик тимсолига айлантиришимиз муҳим ҳисобланади. Бунда боғчадан, мактабдан болага байроқни шунчаки танитиш эмас, балки унинг ортида қандай тарих, мустақиллик ва миллий масъулият мужассам эканини англатайлик.

Миллий байроқни фақат давлат рамзи ёки расмий байрамларда намойиш этиладиган атрибут деб эмас, балки миллий ўзлик, тарихий хотира, ватанпарварлик ва халқ бирлигининг кундалик тимсолига айлантирадиган тарғибот даражасига кўтаришимиз керак. Бунга амалдаги оддий тарғибот тадбирлари орқали эмас, балки узлуксиз миллий тарбия ва ижтимоий муҳитни умуммиллий ҳаракат даражасига кўтариш орқали эришамиз.

Яқингача гарчи мустақил бўлсакда, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан фойдаланиш тартиби 1991-йил 18-ноябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонун билан тартибга солинган бўлсада амалда миллий байроғимизни кўтариб чиққан ёшларга, уни тарғиб қилган ватандошларимизга чоралар кўрдик, жарималарга ҳам тортдик.

2023-йил 7-июлдаги ЎРҚ-853-сонли Қонун асосида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, миллий байроғимиз тарғиботи билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Бугунги кунда Байроқни жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек транспорт воситаларининг салонида ўрнатиш рухсат берилди. Бугунги кунда нафақат спорт мусобақалари, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, ҳаттоки оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда ҳамда давлат арбоблари ва ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида ҳам фойдаланишга рухсат берилди.

Унутмайликки, дунёдаги энг қудратли миллий рамзлар ҳам ўз-ўзидан халқни бирлаштирмайди. Уларнинг ортида тарихий хотира, умуммиллий қадрият, миллий ғурур ва авлодлар тарбияси туради. Барча даврларда айнан байроқ остида бирлашган халқнинг бирдамлиги–давлатнинг энг катта маънавий кучи ҳисобланади. Зеро, байроқни кўтариш–уни намойиш этиш, байроқни қадрлаш–унинг ортидаги тарихни англаш, байроқни севиш эса Ватан тақдирига дахлдорликни ҳис қилишдир!

Завқибек Маҳмудов. Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти в.б. доценти

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Агар Миллий байроқ тўғри тарғиб қилинса, у ҳар қайси тарқоқ халқни ҳам бирлаштириши мумкин! | Effect.uz