Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

«Чорвачилик соҳаси расво»: Хайрулла Қиличев яйловлар ва гўшт импорти масаласини кўтарди

Akmal Eshonxonov61 кўришлар
«Чорвачилик соҳаси расво»: Хайрулла Қиличев яйловлар ва гўшт импорти масаласини кўтарди

Гўшт нархи, чорвачиликнинг келажаги, яйловларнинг тақсимланиши ва гўшт импорти. Бу масалалар юзасидан жамоат фаоли Хайрулла Қиличев кескин фикрларини билдирди.

Унинг фикрича, чорвачилик соҳасидаги мавжуд тизимни қайта кўриб чиқиш, монополияга қарши чораларни кучайтириш ва маҳаллий аҳолининг чорва боқиши учун яйловлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарур.

Қиличев гўшт импорти масаласига ҳам танқидий ёндашиб, импортга сарфланаётган маблағларни ички чорвачиликни ривожлантиришга йўналтириш самаралироқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

«Зудлик билан соҳани қайта ислоҳ қилиш, монополияни тугатиш, чорва боқилган барча яйловлар, экин майдонлари атрофидаги бўш ерлар халққа қайтарилиши керак», — дейди у.

Фаолнинг асосий эътирозларидан бири — яйлов ерларидан маҳаллий аҳолининг фойдаланиш имкониятлари чекланаётгани ҳақида.

У Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги дашт ва яйловларнинг амалдаги ҳолатини жойига бориб ўрганиш, ўсимлик қоплами, чорва сони ва ердан фойдаланиш ҳолатини таҳлил қилишни таклиф қилган.

Қиличев айрим ҳудудларда катта майдонлар узоқ муддатга ижарага берилгани, аммо улардан маҳаллий аҳоли чорва боқиш учун фойдалана олмаётганини танқид қилган.

«Пули йўқ, лекин 2 та сигири, 10 та қўйи бор одам чорвасини қаерда ўтлатади?» — дея савол қўяди у.

Фаолнинг таъкидлашича, яйловларни бошқариш тизимида маҳаллий аҳолининг манфаатлари ҳам инобатга олиниши керак. Унинг фикрига кўра, акс ҳолда қишлоқ аҳолисининг туман ва шаҳар марказларига кўчиши, чорвачиликнинг қисқариши ва бунинг ортидан ижтимоий муаммолар кучайиши мумкин.

Қиличев шунингдек, яйловларни 49 йилга ижарага бериш амалиёти бўйича ҳам саволлар берган. У ердан фойдаланувчининг ўзида қанча чорва борлиги, ернинг амалда ким томонидан ишлатилаётгани ва маҳаллий аҳоли манфаатлари қай даражада ҳисобга олинаётганини очиқлаш зарур, деб ҳисоблайди.

«Хуллас, соҳа расво. Ўйлаш ва тезликда ечим қилиш шарт!» — дейди жамоат фаоли.

Шу ўринда таъкидлаш керак: юқоридаги фикр ва даъволар Хайрулла Қиличевнинг шахсий позицияси. У келтирган айрим маълумотлар ва иддаоларнинг ҳаққонийлиги ЭФФЕЦТ.УЗ томонидан мустақил равишда тасдиқланмаган.

Бироқ кўтарилаётган масалалар — яйловлардан фойдаланиш, маҳаллий аҳолининг чорва боқиш имкониятлари, гўшт импорти ва ички чорвачиликни ривожлантириш — жамоатчилик муҳокамасига арзийди.

Савол: чорвачилик сиёсатида асосий эътибор йирик ер эгалари ва импортга эмас, маҳаллий чорвадорнинг манфаатига қанчалик қаратилмоқда?

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«Чорвачилик соҳаси расво»: Хайрулла Қиличев яйловлар ва гўшт импорти масаласини кўтарди | Effect.uz