Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Пахта режаси бажарилмаса, фермер еридан айриладими?

Akmal Eshonxonov72 кўришлар
Пахта режаси бажарилмаса, фермер еридан айриладими?

Айрим фермерларга «ерингизни олиб қўямиз» деган огоҳлантиришлар берилгани айтилмоқда.

Сўнгги кунларда Эффет.уз ахборот агентлигига фермерлардан жиддий мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларда айрим ҳокимлик вакиллари пахта режасини бажара олмаган фермерларнинг ер майдонлари олиб қўйилиши ва бошқа шахсларга, ҳатто хорижий инвесторларга берилиши мумкинлигини айтаётгани билдирилмоқда. Агар бундай ҳолатлар тасдиқланса, уларга ҳуқуқий баҳо берилиши лозим.

Хўш, амалдаги қонунчиликда пахта режасини бажара олмаган фермернинг ерини олиб қўйишга қандай асос бор?

Ер кодексида ердан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилишнинг аниқ асослари белгиланган. Улар қаторида ердан белгиланган мақсадда фойдаланмаслик, ердан оқилона фойдаланмаслик, тупроқ унумдорлигининг пасайиши, ижара ҳақини мунтазам равишда тўламаслик каби ҳолатлар бор. Шунинг учун бир йиллик пахта режасининг бажарилмагани ўз-ўзидан ерни автоматик равишда олиб қўйишга тенг эмас.

Бундан ташқари, Ер кодексида ер участкасини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши белгиланган.

ПФ-68-сон Фармонда нима дейилган?

2026-йил 24-апрелдаги ПФ-68-сон Фармон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ердан фойдаланишдаги мустақиллигини таъминлашга қаратилган. Ҳужжатда пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган субектлар жами ер майдонининг 50 фоизига нисбатан ижара ҳуқуқидан ихтиёрий равишда воз кечиши мумкинлиги белгиланган. Яъни бу норма фермерни мажбурлаб ердан воз кечтириш эмас, балки қонунчиликда назарда тутилган ихтиёрий механизмдир.

Хорижий инвесторларга ер берилиши ҳақида-чи?

Бу ерда ҳам муҳим жиҳат бор. ПФ-68-сон Фармонда хорижий инвесторларга айрим ерларни иккиламчи ижарага бериш механизми назарда тутилган. Бироқ ҳужжатда бу тартиб янгидан ўзлаштириш ва қайта фойдаланишга киритиш шарти билан бўз, лалми ва яйлов ерларига нисбатан белгиланган.

Шунинг учун мазкур нормани амалда пахта етиштириш учун ижарага олинган фермер ерини «режани бажармади» деган важ билан исталган хорижий инвесторга олиб бериш мумкин, деб талқин қилиш тўғри бўлмайди.

2026-йил 28-сентябрдаги ПҚ-354-сон қарор эса қишлоқ хўжалиги субектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ва таваккалчиликларни бошқариш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.

Фермерлар нимани билиши керак?

Агар фермерга ерни топшириш ёки ижара ҳуқуқидан воз кечиш талаб қилинаётган бўлса, аввало ушбу талабнинг ёзма ҳуқуқий асосини сўраш керак.

Пахта режасининг бажарилмаганига сув таъминоти, молиялаштириш, уруғлик, об-ҳаво ёки бошқа обектив омиллар сабаб бўлган бўлса, уларни тасдиқловчи ҳужжатларни йиғиш муҳим. Энг муҳими, фермерни ердан воз кечиш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаш масаласи алоҳида ҳуқуқий баҳоланиши керак.

Шу боис фермернинг пахта режасини бажара олмагани ҳақидаги маълумотнинг ўзи етарли эмас — ердан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш учун қонунчиликда белгиланган асос ва тартиб мавжудми, деган савол биринчи ўринда туриши керак.

Агар айрим мансабдорлар фермерларга «режани бажармасанг, ерингни олиб қўямиз ва инвесторга берамиз» мазмунида босим ўтказаётган бўлса, бу ҳолатлар ҳужжатлар асосида текширилиши ва тасдиқланган тақдирда ҳуқуқий баҳо берилиши лозим.

Яхшиямки, бу масалада қарорни оғзаки огоҳлантириш эмас, қонун белгилайди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Пахта режаси бажарилмаса, фермер еридан айриладими? | Effect.uz