Онкологик касалликка чалинган беморлар учун вақт ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бироқ Эффецт.уз таҳририятига келиб тушган мурожаатда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида 300 га яқин бемор бир неча кундан буён навбат кутаётгани билдирилган.
Мурожаат муаллифларининг айтишича, тизимдаги носозликлар ҳамда суғурта маблағлари билан боғлиқ муаммолар сабабли беморлар зарур тиббий хизматлардан ўз вақтида фойдалана олмаяпти. Оқибатда айрим фуқаролар 3–4 кун, бошқалари эса ҳафталаб навбат кутишга мажбур бўлаётгани айтилмоқда.
Мурожаатда беморларнинг бир қисми Тошкент шаҳрида доимий яшаш жойига эга эмаслиги, шу боис улар навбатини кутиш давомида ижара квартираларида яшаб, қўшимча харажатларга дуч келаётгани ҳам қайд этилган.
Агар бу маълумотлар тасдиқланса, гап шунчаки навбат ёки ташкилий муаммо ҳақида эмас, балки даволанишга муҳтож беморларнинг тиббий ёрдамдан ўз вақтида фойдаланиш имконияти ҳақида бормоқда.
Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда тиббий суғурта тизими учун масъул ташкилотлардан қуйидаги саволларга расмий изоҳ беришларини сўраймиз:
- Марказда ҳақиқатан ҳам 300 га яқин бемор навбат кутаётгани ростми?
- Навбатларнинг узайишига ахборот тизимидаги носозликлар сабаб бўлганми?
- Суғурта маблағлари билан боғлиқ қандай муаммо юзага келган ва бу беморларнинг даволанишига қай даражада таъсир қилмоқда?
- Беморларнинг кутиш муддатини қисқартириш ва уларга зарур тиббий хизматларни ўз вақтида кўрсатиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
Таҳририят ушбу масала юзасидан масъул ташкилотларнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.




