Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Ўзбекистон пулларидаги барча ёзувлар лотин алифбосида бўлади

Akmal Eshonxonov40 кўришлар
Ўзбекистон пулларидаги барча ёзувлар лотин алифбосида бўлади

Ўзбекистонда пул белгиларини тайёрлаш, муомалага чиқариш ва нақд пул айланмасига оид талаблар белгиланди. Йўриқномага кўра, банкнот ва тангалардаги барча ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши шарт.

Ҳужжатда қайд этилишича, банкнотларда серия ва рақам, номинал қийматнинг ёзувдаги ифодаси, уларнинг барча турдаги тўловлар учун қабул қилиниши мажбурийлиги ҳамда қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик ҳақидаги ёзувлар бўлиши лозим.

Пул белгиларининг дизайнида Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти, қадриятлари, буюк алломалар ва мамлакат ютуқларини акс эттирувчи тасвирлардан фойдаланилади. Шунингдек, улар инсон саломатлиги учун хавфсиз хомашёдан тайёрланиши ва замонавий ҳимоя элементларига эга бўлиши керак.

Йўриқномада аҳоли ва тадбиркорларнинг нақд пул олиш ҳуқуқи ҳам кафолатланган. Унга кўра, банклар мижозларнинг ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида нақд пул бериш талабини биринчи мурожаатнинг ўзида узлуксиз қондириши шарт.

Банклар муомаладаги нақд пулларни номинал қиймати бўйича монеликсиз қабул қилиши, банкоматларни эса нақд пул билан таъминлаб бориши лозим. Нақд пул етишмаслиги кутилган ҳолларда қўшимча маблағларни жалб этиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, Марказий банк ва тижорат банклари талабга кўра, бир номиналдаги пул белгиларини бошқа номиналдаги пулларга ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақисиз айирбошлайди.

Янги банкнот ва тангалар муомалага чиқарилишидан камида бир ҳафта олдин бу ҳақда аҳоли хабардор қилинади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистон пулларидаги барча ёзувлар лотин алифбосида бўлади | Effect.uz