Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри ва Самарқанд шаҳрида фуқароларни тегишли рухсат ва лицензиясиз Умра зиёратига юборишни ташкил қилган икки сайёҳлик фирмаси раҳбари қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, биринчи ҳолат Бекобод шаҳрида аниқланган. У ерда фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари тегишли рухсатга эга бўлмасдан, уч нафар фуқарони Саудия Арабистонига Умра зиёратига юборишни ваъда қилган. У бунинг эвазига 3 450 доллар олган вақтида ДХХ ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Иккинчи ҳолат Самарқанд шаҳрида қайд этилган. Тегишли лицензияга эга бўлмаган сайёҳлик фирмаси раҳбари тўрт нафар фуқарони Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан 6 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.
Биринчи ҳолат бўйича фирма раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Иккинчи ҳолат юзасидан эса терговга қадар текширув ишлари бошланган.




