Тошкент вилоятининг Кенсой қўрғонидан пойтахтдаги «Юнусобод Универсам» бекатигача 158-сонли янги автобус йўналиши ишга туширилди. Автобуслар 23-ноябрдан йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлаган. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, янги йўналишда «ЗиёТранс» МЧЖга тегишли 10 та ўрта сиғимли замонавий автобус ҳаракатланади.
Автобуслар Кенсой қўрғонидан йўлга чиқиб, Абу Райҳон Беруний университети, Раҳбар ота масжиди, 23-сонли оилавий поликлиника, Уч Қаҳрамон ҳамда 271-сонли мактаб ҳудудлари орқали «Юнусобод Универсам» бекатигача қатнайди.
Янги йўналиш Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш, жамоат транспорти қамровини кенгайтириш ҳамда аҳоли учун қатнов қулайлигини ошириш мақсадида ташкил этилган.




