ОАВ ва ижтимоий тармоқларда «Туронбанк» бошқаруви раиси Чори Мирзаев қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг банк жамоаси ва кузатув кенгаши алоҳида расмий баёнотлар билан чиқди. Бироқ уларда раҳбарнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлар очиқ рад этилмади.
Банк жамоаси ўз баёнотида муассаса фаолияти белгиланган тартибда давом этаётганини маълум қилди. Қайд этилишича, банк хизматлари марказлари, офислар ва рақамли платформалар орқали мижозларга хизмат кўрсатиш давом этмоқда. Шунингдек, банкнинг омонатчилар, мижозлар, инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлари ўз кучида қолади.
Банк кузатув кенгаши эса юзага келган вазиятни ўрганаётгани, унинг банк фаолиятига эҳтимолий таъсирини баҳолаётгани ҳамда ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.
Ҳозирча банкнинг расмий баёнотларида Чори Мирзаевнинг қамоққа олингани ёки ушбу хабарларнинг тасдиқлангани ҳақида аниқ маълумот берилмаган.




