Кинематография соҳасига замонавий бошқарув усуллари жорий этилади. Шунингдек, «Ўзбекфилм» миллий кино брендини яратиш ва оммалаштириш чоралари белгиланди. Бу ҳақда Президентнинг 2026-йил 21-ноябрдаги ПФ–250-сон фармонида назарда тутилган.
Фармонга кўра, соҳада такрорланувчи ваколатлар мақбуллаштирилиб, миллий киноиндустрияни босқичма-босқич иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айлантириш мақсад қилинган. Шунингдек, кино лойиҳаларини молиялаштириш, ишлаб чиқариш ва муаллифлик ҳуқуқини таъминлаш тизимини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Маданият вазирлиги муассислигида «Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси ташкил этилади. «Қорақалпоқфилм» давлат муассасаси негизида эса Миллий кинокомпания ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги муассислигида «Қорақалпоқфилм» масъулияти чекланган жамияти тузилади.
Шунингдек, Фанлар академияси Санъатшунослик институти ва бир гуруҳ киноижодкорлар иштирокида Киношунослар клуби ташкил этилади.
Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмаси қўшиб юбориш йўли билан Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатаси ташкил этилади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида болалар киноижодкорлиги мактаби ва платформаси йўлга қўйилади.




