Qorong‘i rejim
Жаҳон

Турк қаҳваси: асрлар оша давом этаётган анъана

Akmal Eshonxonov11 кўришлар
Турк қаҳваси: асрлар оша давом этаётган анъана

Ҳар бир манзилнинг ўзига хос таъми унинг тарихи, маданияти ва турмуш тарзини намоён этади. Яқинда эълон қилинган саёҳат тенденсиялари ҳисоботига кўра, сўров қатнашчиларининг 82 фоизи маҳаллий ҳаётда бевосита иштирок этиш ўша халқ маданиятини чуқурроқ англашга ёрдам беришини таъкидлаган.

Туркияда бир пиёла турк қаҳваси ана шу тажрибаларнинг барчасини ўзида мужассам этади. У миллий ошхона меросининг бир қисми, самимий суҳбат ва асрлар давомида шаклланган меҳмондўстлик анъанасининг ифодасидир.

Ўзига хос хушбўй ҳиди, майин кўпиги ва анъанавий тайёрланиш усули билан турк қаҳваси мамлакат маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Унинг бой мероси 2013-йилда “Турк қаҳваси маданияти ва анъанаси” ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилиб, халқаро миқёсда ҳам эътироф этилди.

5-декабрда нишонланадиган Жаҳон турк қаҳваси куни Туркияда асрлар давомида яшаб келаётган ушбу анъанани янада чуқурроқ англаш учун муносиб фурсатдир.

Турк қаҳваси: асрлик мерос

Туркия чой маданияти билан машҳур бўлса-да, турк қаҳваси ҳам кундалик ҳаётда алоҳида ўрин эгаллайди. ХВИ асрда Ямандан Истанбулга кириб келган қаҳва кўп ўтмай дунёдаги илк қаҳвахоналарнинг пайдо бўлишига туртки бўлди. Одамлар бу масканларда фикр алмашиш, суҳбатлашиш ва бир пиёла қаҳва устида вақт ўтказиш учун тўпланарди. Европалик дипломатлар ва савдогарлар эса қаҳва анъанасининг Усмонийлар пойтахтидан бутун Европага ёйилишига ҳисса қўшди.

Турк қаҳваси ўзига хос хушбўй ҳиди ва майин, бахмалдек кўпиги билан ажралиб туради. Уни машҳур қилган сир нимада? Бунинг сири тайёрланиш усулида. Майин кукун ҳолига келтирилган қаҳва донлари сув билан бирга “жезве” деб аталадиган кичик идишда паст оловда аста-секин қиздирилади. Шу тариқа қаҳвага хос қалин кўпик ҳосил бўлади. Қаҳва шакарсиз ёки таъбга кўра шакар қўшиб тайёрланади ва “финжан” деб аталадиган кичик стаканларда, кўпинча лукум билан бирга тортилади.

Кундалик суҳбатлардан тортиб унаштирув маросимларигача турк қаҳваси инсонларни бир давра атрофида жамлайди. У меҳмондўстликнинг самимий ифодаси сифатида ҳамон ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда. Туркиянинг ҳар бир ҳудудида эса қаҳва маданияти ўзига хос таъм ва кўринишга эга.

Туркия бўйлаб турк қаҳваси анъаналари

Туркия бўйлаб қаҳва маданияти билан танишиш Истанбулдан бошланиши мумкин. Шаҳарнинг Тарихий яриморолидаги Султон Аҳмет, Сиркажи ва Эминону, шунингдек, Каракўй, Галата ва Кадикўй каби мавзеларида ўзига хос муҳитга эга кўплаб қаҳвахоналар мавжуд. Бу масканларда янги туйилган қаҳва донларининг хушбўй ҳиди уфуриб туради. Айрим қаҳвахоналарда қаҳва қиздирилган қум ёки чўғ устида тайёрланади. Бундай усул ичимликка янада тўқ ва бой таъм беради.

Пойтахт Анқаранинг Тунали Ҳилми кўчаси ва Чанкая каби гавжум ҳудудларида қаҳва маданияти ривожланган. Измирнинг Алсанжак ва Урла ҳудудларида турк қаҳваси анъанавий усулда тайёрланади. Алачатида эса мастика сақичи қўшилган қаҳва ўзига хос маҳаллий таъми билан ажралиб туради.

Жануби-шарқдаги Газиантеп мененгич қаҳваси билан танилган. Табиий равишда кофеинсиз бўлган бу ичимлик ёввойи писта – Пистациа теребинтҳус дарахтининг қовурилган меваларидан тайёрланади. Шанлиурфа ва Мардинда икки марта қовурилган донлардан тайёрланадиган аччиқ мирра қаҳваси ичилади. Адияманга хос карвонсарой қаҳвасига эса шоколад, қаймоқ, салеп, кароб, мененгич ва мастика сақичи қўшилади.

Туркиянинг турли ҳудудларида учрайдиган дибек қаҳваси қовурилган донларни оддий тегирмонда эмас, тош ўғирда туйиш орқали тайёрланади. Сафранболудаги Турк қаҳваси музейи эса мамлакат қаҳва маданиятининг ўзига хос жиҳатлари билан танишиш имконини беради. Усмонийлар даврига оид уй-жойлари билан машҳур бўлган бу шаҳар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхати ҳамда Циттаслов тармоғига киритилган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар