19-ноябр куни Иорданияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024-йилда нашр этилган «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» китоби тақдимоти бўлиб ўтади.
Тадбирдан мақсад — Иордания жамоатчилигини Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, кенг кўламли ислоҳотлари, иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти, тарихий-маданий мероси ҳамда халқаро ташаббуслари билан таништириш.
Асарда замонавий дунёда кечаётган геосиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жараёнлар, инсоният олдида турган глобал муаммолар ҳамда уларни ҳал этишда давлатлар зиммасидаги вазифалар таҳлил қилинган.
Китобнинг асосий ғояси инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, фуқаролар учун муносиб ҳаёт ва тараққиёт имкониятларини яратишдан иборат.
Муаллиф мамлакат тараққиётини фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан баҳолаб бўлмаслигини таъкидлайди. Унга кўра, ҳақиқий юксалиш инсоннинг ҳаёт сифати, билими ва салоҳияти, ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимояси ҳамда жамиятдаги адолат ва ишонч муҳити билан белгиланади.
Асарда илгари сурилган «Давлат — инсон учун» тамойили Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг асосий мезони сифатида кўрсатилган. Таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш, бандлик, тадбиркорлик ва давлат бошқарувини такомиллаштириш каби йўналишлар ягона стратегик мақсад — инсон манфаатларига хизмат қиладиган жамиятни барпо этиш ғояси атрофида бирлаштирилган.
Китобда иқтисодий ислоҳотлар натижаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Манбада келтирилишича, 2025-йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсиб, қарийб 147 миллиард долларни ташкил этган. Ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 43 миллиард доллардан ошган.
«Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» китоби араб, инглиз, италян, рус ва урду тилларига таржима қилинган. Унинг Иорданияда тақдим этилиши араб жамоатчилигини мамлакатнинг тараққиёт консепсияси ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тақдимот доирасида икки мамлакат олимлари, зиёлилари, журналистлари, маданият вакиллари ҳамда экспертлари ўртасида фикр алмашиш, илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари, тарихий-маданий мероси, диний-маърифий салоҳияти, туризм йўналишлари ҳамда Иордания билан ҳамкорликнинг янги истиқболларига эътибор қаратилади.




