Виржиния штатида Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида яшовчи иқтидорли қизларга бепул таълим беришни мақсад қилган «Гирлс Эдуцатион Фунд» хайрия фонди расман иш бошлади.
АҚШда яшаётган ўзбекистонлик ватандошлар ташаббуси билан ташкил этилган фонд мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги қизларнинг таълим олиши ва касбий ривожланишига кўмаклашади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, фонд АҚШ қонунчилигига мувофиқ нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилган. Унинг асосчилари — ватандошлар Фарҳод ва Севара Султон ҳамда Америкадаги ўзбек диаспораси вакиллари.
Фонднинг асосий мақсади иқтидорли қизларга инглиз тили ва математика фанларидан бепул таълим бериш, уларни олий таълим муассасаларига киришга тайёрлаш ҳамда келгусида касбий ривожланишига ёрдам беришдан иборат.
Фонд ҳаммуассиси Севара Султоннинг айтишича, ёзда эълон қилинган биринчи танловга мамлакатнинг турли ҳудудларидан 236 та ариза келиб тушган. Иншо ёзиш ва суҳбат босқичларидан иборат саралаш натижасида 10 та ҳудуддан 20 нафар қиз лойиҳанинг биринчи босқич иштирокчиси сифатида танлаб олинган.
Айни пайтда улар ҳамкор ўқув маркази ишлаб чиққан дастур асосида мактаб дарсларидан ташқари ҳафтасига олти кун онлайн тарзда бепул таълим олмоқда.
Фонд келгусида иштирокчилар сонини 500 нафарга етказиш, қизларни халқаро таълим дастурларига жалб қилиш ва хорижий университетларга киришларига кўмаклашишни режалаштирган.
Очилиш маросимида ҳомийлардан бири биринчи гуруҳ иштирокчиларининг таълимини молиялаштириш учун маблағ ажратгани ҳам маълум қилинди.




