Жонивор хавфсиз тарзда тутилиб, реабилитация қилиш учун пойтахт ҳайвонот боғига топширилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, бу ҳақда қўмита тизимидаги Экоҳудуд ва овчиликни ривожлантириш департаментига мурожаат келиб тушган. Ҳолат ҳайвонот боғи мутахассислари билан биргаликда ўрганилиб, тимсоҳ тутиб олинган.
Тошкент ҳайвонот боғи вакилларининг билдиришича, жонивор 16-ноябр куни топилган. У совуқ сувда узоқ вақт қолиб кетгани сабаб оғир аҳволда бўлган. Тимсоҳ карантин бўлимига олиб келиниб, ҳарорати аста-секин кўтариладиган махсус бассейнга жойлаштирилган ва зарур ёритиш ускуналари ўрнатилган.
Дастлабки тахминларга кўра, тимсоҳ кимнингдир уйидан қочиб кетган ёки уни боқа олмаган шахс сувга ташлаб юборган бўлиши мумкин.
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахслар томонидан ёввойи ҳайвонларни, жумладан, тимсоҳларни тутқунликда ёки сунъий яратилган муҳитда сақлаш тақиқланган. Уларни сирк томошаларида фойдаланиш ҳам мумкин эмас.
Ҳозирда Нил тимсоҳининг Қорасув каналига қандай келиб қолгани ўрганилмоқда. Қўмита фуқароларни ёввойи ҳайвонларни ноқонуний сақламасликка ва шундай ҳолатларга дуч келганда тегишли органларга хабар беришга чақирди.




