Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Ўзбекистонда маҳкумларга ҳам ОТМда ўқиш имконияти яратилади

Akmal Eshonxonov18 кўришлар
Ўзбекистонда маҳкумларга ҳам ОТМда ўқиш имконияти яратилади

2027/2028-ўқув йилидан бошлаб жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлар олий таълим ташкилотларига кириб, масофавий шаклда тўлов-контракт асосида ўқиши мумкин бўлади. Бу Президентнинг 16-ноябрдаги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, маҳкумларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоийлаштириш мақсадида 2027/2028-ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонаси ташкил этилади.

Шунингдек, 2030-йилгача меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида 50 та касб бўйича ўқув дастурлари жорий этилади. Ҳар йили 15–20 минг нафар маҳкумни касбга ўқитиш режалаштирилган. Бу орқали такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.

Олий таълимга қабул қилинган маҳкумлар масофавий ўқиши учун колонияларда видеоконференсалоқа воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ажратилади.

Ҳужжатда маҳкумлар ўртасида «Ёш китобхон» танловини масофавий шаклда ташкил этиш, колониялар кутубхоналарида «Мутолаа» платформасидан фойдаланиш имкониятини яратиш ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, ёш маҳкумлар орасидан сайлов йўли билан ёшлар фаоллари танланади. Улар ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида рағбатлантирилади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонда маҳкумларга ҳам ОТМда ўқиш имконияти яратилади | Effect.uz