Тошкент шаҳридаги айрим қурилиш лойиҳалари, фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари ҳамда назорат органлари фаолияти юзасидан танқидий фикрлар билдирилди.
Чиқишда айрим ҳудудларда фуқаролар истиқомат қилиб келган уй-жойлар бузилгани, аҳолини кўчириш жараёнларида Мажбурий ижро бюроси, Миллий гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этгани таъкидланди. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, шаҳар марказидаги бетон заводи фаолияти, унинг экологик талабларга мувофиқлиги ва тегишли назорат органлари томонидан амалга оширилган текширувлар юзасидан саволлар ўртага ташланди. Қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича қандай чоралар кўрилгани сўралди.
Чиқишда Тошкент шаҳрида 45 та ноқонуний қурилиш мавжудлиги ҳақида ҳам маълумот келтирилди. Уларнинг орасида йирик тадбиркорлар иштирокидаги лойиҳалар ҳам борлиги айтилди. Жумладан, «Тошкент Сити» ҳудудидаги айрим обектларда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмагани оқибатида уй-жой харидорлари муаммоларга дуч келаётгани таъкидланди.
«Умид Автодизайн» ва «Кредит Хаус» каби компаниялар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам тилга олиниб, айрим қурилиш лойиҳалари бўйича фуқаролар мурожаатлари ва масъул идоралар муносабатининг самарадорлиги танқид қилинди.
Қайд этилишича, айрим ҳолларда масъул ташкилотлар фуқароларнинг якка тартибдаги мурожаатларига ўз вақтида етарли эътибор қаратмаяпти. Натижада муаммолар оммавий норозилик даражасига етганидан кейингина уларга муносабат билдирилмоқда.
Чиқиш муаллифи назорат органлари қоидабузарликларни ўз вақтида аниқлаши, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ва қурилиш соҳасидаги муаммоларга кечиктирмасдан чора кўриши зарурлигини таъкидлади.
Ҳозирча келтирилган ҳолатлар юзасидан масъул идораларнинг расмий муносабати тақдим этилмаган.



