Тошкент жамоат транспортида йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланган йўловчиларга нисбатан назорат кучайтирилмоқда. Ноябр ойининг дастлабки 22 кунида 19 минг 457 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
1–22-ноябр кунлари пойтахтда чиптасиз юриш ҳолатларининг олдини олиш ва тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган назорат тадбирлари давомида кунига ўртача 884 та қоидабузарлик аниқланган. Йил бошидан буён расмийлаштирилган маъмурий баённомалар сони эса 158 минг 237 тага етган.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, 22-ноябр ҳолатига кунлик ҳисобот бўйича ундирилган жарималар миқдори 3,66 млрд сўмдан ошган. Шундан 449,9 млн сўми ноябр ойининг дастлабки 22 кунига тўғри келади.
Шунингдек, назорат тадбирлари қамраб олган автобус йўналишларида йўловчилар оқими ҳам таҳлил қилинмоқда. Жумладан, 18–21-ноябр кунлари 8, 11, 14, 28, 93, 116 ва 131-сонли йўналишларда жами 449 минг 802 нафар йўловчи ташилган. Бу ўтган ҳафтанинг мос даврига нисбатан 5 минг 792 нафарга ёки 1,3 фоизга кўп.
Ушбу тўрт кун давомида мазкур йўналишларда 1 минг 228 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Йўловчилар оқимининг энг юқори ўсиши 11-сонли йўналишда қайд этилган — 11,2 фоиз. 28-сонли йўналишда бу кўрсаткич 5,4 фоиз, 8-сонли йўналишда 3,5 фоиз ва 14-сонли йўналишда 1,7 фоизни ташкил этган.




