Тошкент туманида «Долзарб 40 кунлик» доирасида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумига старт берилди. Туман ҳудудларини кўкаламзорлаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида 700 минг туп кўчат экиш режалаштирилган.
Кузги кўчат экиш мавсумига бағишланган тадбир Боғизилол маҳалласидан бошланди. Унда туман ҳокими Сардорбек Эргашев, ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик ва ҳокимлик масъуллари, фаоллар ҳамда ҳашарчилар иштирок этди.

Тадбирда туман ҳокими лойиҳанинг асосий мақсади фақат белгиланган миқдорда кўчат экиш эмас, балки уларни парваришлаш ва аҳолида яшил ҳудудларга нисбатан масъулиятни кучайтириш эканини таъкидлади.

«Зарур бўлса, бундан ҳам кўпроқ дарахт экиб, ҳар бир кўчатни парваришлаш, энг муҳими, аҳолимиз қалбида яшил ҳудудларга нисбатан меҳр ва масъулият туйғусини шакллантиришдир», — деди Сардорбек Эргашев.

Кўчат экиш ишларига туман прокуратураси ва ички ишлар ходимлари, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати вакиллари, таълим, санитария-епидемиология, сув, газ ва электр таъминоти корхоналари раҳбарлари ҳамда ходимлари жалб этилди. Тадбирда 500 дан ортиқ ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳамда ходимлари иштирок этган.

«Яшил макон» ташаббусининг Боғизилол маҳалласидан бошлангани ҳам ҳудудни янада обод ва кўкаламзор масканга айлантириш мақсади билан изоҳланган.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, кузги мавсум давомида экиладиган кўчатларни асраш ва парваришлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.




