Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими кескин ошган. 2026-йил сентябр–октябр ойларида метро хизматларидан 61,7 миллион нафар йўловчи фойдаланган. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу давридаги 51,4 миллион нафарга нисбатан қарийб 20 фоиз кўп.
Бугунги кунда пойтахт метрополитенида кунига 1,2 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилмоқда.
«Тошкент метрополитени» АЖ маълумотига кўра, айни пайтда вагонлар паркида 55 та замонавий ва 30 та хизмат муддатини ўтаб бўлган эски ҳаракат таркиби мавжуд. Янги ҳаракат таркиблари 1 300 нафаргача йўловчи ташиши мумкин бўлса, эски поездларда бу кўрсаткич ўртача 1 000 нафарни ташкил этади.
Йўловчилар оқими юқори бўлган бекатларга қўшимча захира поездлари йўналтирилмоқда, йўналишлардаги ҳаракат интерваллари эса имконият даражасида қисқартирилган.
Метрополитенда йўловчилар оқими янада ортиши инобатга олиниб, 2027–2028-йилларда 28 та беш вагонли замонавий ҳаракат таркибини харид қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мавжуд замонавий поездларга қўшимча вагонлар олиб, яна 40 та ҳаракат таркибидаги вагонлар сонини бештага етказиш кўзда тутилган.
Метрополитен маъмурияти йўловчиларга гавжумликни камайтириш учун поездларнинг ўртадаги 2–3-вагонларидан ҳам фойдаланишни тавсия қилмоқда.
Шунингдек, имконият бўлганда йўловчилар оқими нисбатан кам бўлган бекатлардан фойдаланиш сўралган. Масалан, кунига ўртача 60–65 минг киши фойдаланадиган Чилонзор бекати ўрнига 20–25 минг йўловчига хизмат кўрсатадиган Мирзо Улуғбек бекатидан, 35–40 минг йўловчи фойдаланадиган Халқлар дўстлиги бекати ўрнига эса кунига 6–8 минг йўловчи фойдаланадиган Миллий боғ бекатидан фойдаланиш тавсия этилган.
Йўловчилардан поездга чиқишда аввал тушаётганларга йўл бериш, бекат ва вагонларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ҳамда манзилга яқинлашганда эшиклар томон олдиндан ҳаракатланиш сўралган.
«Тошкент метрополитени» АЖнинг таъкидлашича, йўловчилар оқимининг ортиши шароитида транспорт хизматлари сифатини яхшилаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилади.




