Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида болалар ўртасида кўз касаллиги тарқалаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Паркент тумани тиббиёт бирлашмаси ушбу ҳолатга изоҳ берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 10-ноябр куни Паркент туманидаги «Қорақалпоқ» қишлоғи ҳудудида жойлашган 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига 2022-йилда туғилган М.У. исмли бола кўз касаллиги аломатлари билан келган. Муассаса маъмурияти уни боғча ҳудудига киритмаган ва шифокор кўригидан ўтиш учун юборган.
Туман офталмологи Умид Муродов кўригида болага «Ҳ10.3 — аниқланмаган ўткир конюнктивит» ташхиси қўйилиб, даволаш муолажалари белгиланган.
Тиббиёт бирлашмаси маълумотига кўра, боланинг катта фарзанди ва отасида ҳам шунга ўхшаш аломатлар кузатилган. Ҳозирда уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Расмий маълумотда бундай шикоятлар билан мурожаат қилган бошқа беморлар қайд этилмагани, шунингдек, боғчанинг бошқа тарбияланувчиларида ҳам шундай аломатлар кузатилмагани билдирилган.
Тиббиёт бирлашмаси ота-оналарни фарзандларининг саломатлигига эътиборли бўлишга чақирди. Кўзда қизариш, ёшланиш ёки ажралма келиши каби аломатлар кузатилса, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилди.




