Тожикистон Халқаро жиноий суд (ХЖС) таркибидан чиқиш бўйича расмий билдиришномани БМТга юборди. Бу қарор Россия президенти Владимир Путиннинг Душанбе шаҳрига ташрифи ва уни ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер бажарилмагани юзасидан Европа Иттифоқи билдирган норозилик фонида қабул қилинди.
20-ноябр куни Тожикистон БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга Халқаро жиноий суддан чиқиш ҳақида расмий билдиришнома юборган. Рим статутига мувофиқ, қарор бир йилдан кейин кучга киради.
Қизиғи, билдиришнома юборилган куни Россия президенти Владимир Путин Душанбе шаҳрига ташриф буюрган. У 19–20-ноябр кунлари Тожикистонда бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро жиноий суд 2023-йил март ойида Путинни украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда гумон қилиб, ҳибсга олиш учун ордер берган эди.
Тожикистон ХЖС аъзоси сифатидаги мажбуриятларига қарамай, Путинни ҳибсга олмаган. Душанбе 2025-йилдаги ташриф чоғида ҳам шундай йўл тутган.
Бу ҳолат Европа Иттифоқи танқидига сабаб бўлди. Европа ташқи алоқалар хизмати 22-ноябрдаги баёнотида Россия президентининг халқаро ҳибсга олиш ордерига қарамай, Тожикистонга ташриф буюрганидан афсусда эканини билдирган. Шунингдек, Тожикистон ХЖС аъзоси сифатида ордер талабларига амал қилиши лозимлиги таъкидланган.




