Qorong‘i rejim
Жаҳон

Ўзбекистонлик 15 ёшли қиз Африканинг энг баланд чўққисини забт этди

Akmal Eshonxonov29 кўришлар
Ўзбекистонлик 15 ёшли қиз Африканинг энг баланд чўққисини забт этди

Ўзбекистонлик 15 ёшли Асал Максумова Танзанияда жойлашган Килиманжаро тоғининг 5 895 метр баландликдаги Ухуру чўққисига кўтарилди. Экспедиция Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган «Прожецт Индепенденце» лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Жамоа Килиманжарога кўтарилиш учун тоғнинг машҳур йўналишларидан бири — Марангу маршрутини танлаган. Олти кун давом этган саёҳат давомида иштирокчилар қарийб 72 километр масофани босиб ўтган. Экспедиция маҳаллий гидлар ва юк ташувчилар ҳамроҳлигида ташкил этилган.

Йўналиш нам тропик ўрмонлар, баланд тоғли чўл ҳудудлари ва қорли ёнбағирлардан ўтган. Кўтарилишнинг энг мураккаб босқичида жамоа қарийб 14 соат йўл босган. Бу вақтда ҳарорат минус 10 даражагача пасайиб, қор ёққан ва кучли шамол эсган.

Асал Максумова сафар давомида ўзбек маданияти ва анъаналарини ҳам намойиш этишга қарор қилган. Хусусан, 3 720 метр баландликдаги Хоромбо лагерида жамоа билан биргаликда ўзбек палови тайёрлаган. Таомни пишириш жараёни беш соатдан ортиқ давом этган.

Маълумот учун, Килиманжаро Танзаниянинг шимоли-шарқида жойлашган бўлиб, Африканинг энг баланд тоғидир. Унинг Ухуру чўққиси денгиз сатҳидан 5 895 метр баландликда жойлашган.

Килиманжаро халқаро алпинизмдаги «Етти чўққи» лойиҳасига ҳам киради. Ушбу дастур етти қитъанинг энг баланд нуқталарини забт этишни назарда тутади.

Кибо, Мавензи ва Шира номли учта асосий вулқон конусидан ташкил топган Килиманжаро миллий боғи 1987-йилдан буён ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонлик 15 ёшли қиз Африканинг энг баланд чўққисини забт этди | Effect.uz