Ростов вилоятида ўтган тунда содир бўлган ҳаво ҳужуми ортидан Новошахтинск нефт маҳсулотлари заводида ёнғин чиққан. Бу ҳақда Украина мониторинг каналлари хабар бермоқда. Ҳозирча ушбу маълумот губернатор томонидан тасдиқланмаган.
Вилоят губернатори Юрий Слюсарнинг маълум қилишича, ҳудудга кенг кўламли ҳаво ҳужуми уюштирилган. Унинг сўзларига кўра, Каменск-Шахтинский шаҳри ва вилоятнинг саккизта туманида 80 дан ортиқ дрон йўқ қилинган ёки зарарсизлантирилган. Красносулинский туманида уриб туширилган дрон бўлаклари ёнғинга сабаб бўлган.
Украина мониторинг каналларининг даъво қилишича, ёнғин Новошахтинск нефт маҳсулотлари заводида юз берган. Мазкур корхона сентябр ойи охирида Украина Қуролли кучлари зарбасидан кейин фаолиятини тўхтатган эди. Ноябр ойида эса Европа Иттифоқи санксиялари рўйхатига киритилган.
Новошахтинск нефт маҳсулотлари заводи Ростов вилоятидаги ягона нефтни қайта ишлаш корхонаси ва Россия жанубидаги йирик ёқилғи етказиб берувчилардан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, мониторинг каналлари Украина Қуролли кучлари Татаристондаги Калейкино нефт ҳайдаш стансиясига ҳам ҳужум қилганини билдирган. Ушбу стансия Россия нефт транспорти инфратузилмасининг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади.




