АҚШ расмийлари унинг қаердалигини аниқлашга ёрдам берувчи маълумот учун 5 миллион доллар мукофот ваъда қилган эди. Ҳибсга олиш операцияси қуролли тўқнашувлар билан кечган.
Эл Паíс нашри хабар беришича, «Ел Чапо Исидро» номи билан танилган наркобарон Фаусто Исидро Меса Флорес Мексикада қўлга олинган.
Операция 20-ноябр куни Синалоа штатидаги Гуасаве шаҳрида ўтказилган. Ҳибсга олиш жараёнида федерал хавфсизлик кучлари ва Синалоа гиёҳвандлик картелига алоқадорликда гумон қилинаётган шахслар ўртасида қуролли тўқнашувлар юз берган. Хабарларда 10 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Тўқнашувлар вақтида шаҳарда отишмалар содир бўлган, автомобиллар ёқиб юборилган ва йўллар тўсиб қўйилган. Операцияда ҳарбий вертолётлар ҳам иштирок этган.
Вазият сабаб Алгодонерос де Гуасаве ва Венадос де Мазатлан бейсбол жамоалари ўртасидаги ўйин тўхтатилган. Штат расмийлари федерал хавфсизлик кучларига ҳужум қилинганини тасдиқлаб, аҳолини хавфсиз жойларда бошпана излашга чақирган.
АҚШ Федерал тергов бюроси (ФҚБ) Меса Флоресни мамлакатга гиёҳванд моддалар олиб кириш ва савдосини ташкил этишда гумон қилмоқда. Америка расмийлари уни қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилган эди.




