Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни ягона туристик макон сифатида ривожлантиришга чақирди

Akmal Eshonxonov9 кўришлар
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни ягона туристик макон сифатида ривожлантиришга чақирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатларини туризм соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириб, минтақани ягона туристик макон сифатида ривожлантиришга чақирди. Шунингдек, туризмни барқарор ривожлантириш бўйича кейинги беш йилга мўлжалланган глобал ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Бу ҳақда давлат раҳбари 27-ноябр куни Тошкентда 2027-йил — Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йилининг расмий очилиш маросими иштирокчиларига йўллаган мурожаатида маълум қилди.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, мазкур режа БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти етакчилигида давлатлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор ҳамкорлигида амалга оширилиши керак. Шунингдек, у ички туризмни ривожлантириш, соҳанинг инқирозларга бардошлилигини ошириш ва миллий қадриятларни асраш муҳимлигини қайд этди.

Президент келтирган маълумотларга кўра, 2026-йилнинг дастлабки 10 ойида Ўзбекистонга 11,6 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрган. Бу 2025-йилнинг бутун йиллик кўрсаткичига тенг. Туристик хизматлар экспорти эса 1,5 баробар ўсиб, 6 миллиард долларга етган.

Ҳозирда мамлакатда 7,6 мингта меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари фаолият юритмоқда. Туризм соҳасида 50 дан ортиқ халқаро меҳмонхона бренди мавжуд. Шунингдек, 54 та давлат билан ҳаво қатнови бўйича келишувларга эришилган, 33 та давлатнинг 102 та шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган.

Давлат раҳбари ишбилармонлик, тиббиёт, гастрономия, агро ва этнотуризмни ривожлантириш, сайёҳларнинг мамлакатда қолиш муддатини узайтириш ҳамда тарихий шаҳарлардан ташқари ҳудудларда янги туристик масканлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош Ассамблеяси 2024-йилда Ўзбекистон ташаббуси билан 2027-йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилган. Ушбу ташаббусни 80 дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлаган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни ягона туристик макон сифатида ривожлантиришга чақирди | Effect.uz