Президент Шавкат Мирзиёев Иорданияга парвоз вақтида набираси Шавкатбекка мактуб ёзди. Бунга эрталаб хайрлашаётган пайтда набираси берган «Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?» деган савол сабаб бўлган.
Президентнинг расмий сайтида эълон қилинган мактубда давлат раҳбари келажак авлод ҳақидаги фикрлари, ҳаётий сабоқлари ва эзгу тилакларини баён этган. Мактуб нафақат набирасига, балки Ўзбекистон болаларига ҳам қаратилган мурожаат сифатида тақдим этилган.
Тарихда буюк давлат ва жамоат арбобларининг фарзандларига ёзган мактублари маълум. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўғли Ҳумоюнга, Жавоҳарлаъл Неру қизи Индира Гандига, Барак Обама эса қизларига мактублар йўллаган.
Шавкат Мирзиёевнинг мактубида ҳам бобонинг набирасига айтган самимий сўзлари орқали ёш авлодга қаратилган фикр ва тилаклар ифода этилган.




