Ўзбекистонда коррупсияга оид жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестрини юритиш тартиби белгиланмоқда. Бу ҳақдаги Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, шахсни реестрга киритиш учун уни коррупсияга оид жиноят содир этганликда айбдор деб топиш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми асос бўлади. Суд қарори кучга кирганидан кейин уч иш куни ичида Ички ишлар вазирлиги томонидан шахс ҳақидаги маълумотлар электрон реестрга киритилади.
Реестр Коррупсияга қарши курашиш агентлиги томонидан ИИВ билан ҳамкорликда юритилади. Ундаги маълумотлар шахснинг Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида сақланади.
Реестрга киритилган шахсларга қуйидаги чекловлар қўлланиши мумкин:
давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодини кўрсатиш;
давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органлар аъзоси бўлиш;
ўзи таъсис этган ва устав фондидаги улушининг 50 фоизидан кўпроғига эгалик қиладиган тадбиркорлик субектлари орқали давлат харидлари ва давлат-хусусий шериклик битимларида иштирок этиш;
давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш.
Чекловларнинг қўлланиши, сабаби ва ҳуқуқий асоси соҳага оид ахборот тизимида автоматик қайд этилади. Агар шахс белгиланган чекловларга риоя қилмаётгани аниқланса, масъул ходим бу ҳақда тасдиқловчи маълумотлар билан ваколатли субектга хабар беради. Ваколатли субект эса қоидабузарлик тасдиқланган тақдирда, шахснинг чекловларга зид фаолиятини бартараф этиш чораларини кўради.
Реестрда шахс бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотлар давлат органлари ўртасидаги электрон ахборот алмашинуви, шунингдек, масъул ходимларнинг дастурий комплексга кириши орқали олиниши мумкин.
Жисмоний шахслар эса ўзларига тегишли маълумотлар бўйича маълумотнома ёки кўчирмани Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олишлари мумкин.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 8-декабрга қадар давом этади. Ҳужжат ҳозирча лойиҳа мақомида.




