Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Самарқандда қиз таниши томонидан бўғиб ўлдирилганликда гумонланмоқда

Akmal Eshonxonov99 кўришлар
Самарқандда қиз таниши томонидан бўғиб ўлдирилганликда гумонланмоқда

Самарқанд шаҳрида ижарадаги хонадонда қиз таниши билан жанжаллашиб қолганидан сўнг бўғиб ўлдирилган бўлиши мумкин. Ҳодисадан кейин гумонланувчи ҳам ўзига тан жароҳатлари етказган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинган.

Маълум қилинишича, воқеа 18-ноябр куни Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида содир бўлган. Ҳалок бўлган қиз уч хонали хонадонни дугонаси билан ижарага олган. Дастлабки маълумотларга кўра, уйда бошқа яшовчилар бўлмаган вақтда унинг олдига таниши келган. Улар ўртасидаги жанжал оқибатида йигит қизни бўғиб ўлдирганликда гумонланмоқда.

Маҳалла раиси сўзларига кўра, қизлар хонадонга 15-ноябр куни кечқурун кўчиб келган. Эртаси куни маҳалла вакиллари улар билан суҳбатлашиб, ижара шартномасини расмийлаштириш зарурлигини тушунтирган ва яшаш қоидалари билан таништирган.

Ҳодисадан кейин гумонланувчи ўзига тан жароҳатлари етказган. Ички ишлар органлари ходимлари уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалига олиб борган. Шифокорлар унинг аҳволини ўртача оғир деб баҳолаган. Текширувда жиддий жароҳатлар аниқланмаган. Тиббий кузатувдан сўнг у қониқарли аҳволда шифохонадан чиқарилган.

Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати раҳбарининг ёзма изоҳида маълум қилинишича, ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Самарқандда қиз таниши томонидан бўғиб ўлдирилганликда гумонланмоқда | Effect.uz