Андижонда банк ходими мижозларнинг ҳисобларидан 3,2 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўзининг халқаро пластик картасига ўтказиб, онлайн қимор ўйинларида ютқазиб юборган. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ушбу ҳолат бўйича жиноят иши судга оширилган.
Қайд этилишича, Андижон шаҳридаги банклардан бирида халқаро пул ўтказмаларига оид ҳисоб рақамларига масъул бўлган ходим мижозларнинг маблағларини ўзлаштирган. У фуқаролар ҳисобларидаги 3,2 млрд сўмдан ортиқ пулни ўзининг халқаро пластик картасига ўтказиб олган.
Тергов давомида ходим ушбу маблағларни таваккалчиликка асосланган онлайн қимор ўйинларига тикиб, ютқазиб юборгани аниқланган. Унинг айтишича, қимор сабаб нафақат катта миқдордаги маблағидан, балки оиласи ва яқинларидан ҳам айрилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ходимга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов якунланиб, жиноят иши судга юборилган.
Вазирлик маълумотига кўра, яна бир ҳолатда онлайн қимор ўйинларига берилган шахс танишидан умумий қиймати 26 минг АҚШ долларига тенг бўлган иккита «Дамас» автомобилини олган. Бироқ у машиналарни эгасига қайтармаган. Маълум бўлишича, автомобилларни қимор ўйинларига тикиб, ютқазиб юборган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари якунланган ва иш судга юборилган.
Хўжаобод туманида эса 74 нафар фуқарони Умра зиёратига юборишни ваъда қилган шахс улардан жами 1 млрд 300 млн сўм маблағ олган. Бироқ у пулларни белгиланган тартибда банкка топшириш ўрнига онлайн қимор ўйинларига тикиб, ютқазиб қўйган.
Суд ҳукмига кўра, Абдураззоқ Файзуллоев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбли деб топилган. Унга 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни онлайн қимор ўйинларига жалб қилувчи шахсларнинг ваъдаларига ишонмасликка, пул маблағларини бошқа шахсларга топширишда эса эҳтиёткор бўлишга чақирди.




