Жаҳон банки Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш учун 100 млн долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Қолган 425 млн доллар Ўзбекистон ҳукумати томонидан йўналтирилади. Бу ҳақда УзДаилй.уз хабар берди.
2028-йил декабрига қадар амалга оширилиши режалаштирилган ШИФО-1 дастури вилоятнинг қарийб 4,3 млн нафар аҳолисини қамраб олиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида 400 дан ортиқ оилавий поликлиника модернизация қилинади. Шунингдек, 1 250 нафар умумий амалиёт шифокори ва 5 минг нафар ҳамширани ўз ичига олган жами 6 400 дан ортиқ тиббиёт ходими ўқитилиб, сертификатланади.
Бундан ташқари, 330 минг нафар катта ёшли аҳоли юрак-қон томир касалликлари хавфини аниқлаш учун текширувдан ўтказилади. Яна 250 минг нафар беморнинг даволаниш жараёни электрон тизим орқали кузатиб борилади. Бунинг учун Д-МЕД платформаси имкониятлари кенгайтирилади.
Жаҳон банки прогнозларига кўра, дастур натижасида аҳоли саломатлиги ва меҳнат унумдорлигининг яхшиланиши ҳисобига 28 800 та қўшимча, юқорироқ ҳақ тўланадиган иш ўрни яратилиши мумкин. Бу иш ўринларининг барчаси бевосита тиббиёт муассасаларида ташкил этилади, дегани эмас.




