Наманган вилоятининг Уйчи туманида телефон устахонасига қулфни бузиб кириб, 14 та телефонни ўғирлашга уринган 18 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 10-ноябр куни соат 02:30 ларда туман марказидаги телефон устахоналаридан бирида содир бўлган. Номаълум шахс устахона эшигининг қулфини бузиб, ичкарига кирган.
Бироқ тунги хизматда бўлган Қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи воқеа жойига етиб бориб, устахона ичида яширинган шахсни қўлга олган.
Текширувда гумонланувчи 2008-йилда туғилган, Уйчи туманида яшовчи фуқаро экани аниқланган. Унинг ёнидан 14 та телефон ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.




