Ўзбекистонда сафарбарлик даврида ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларнинг иш жойини сақлаб қолиш, уларни айрим солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этиш ҳамда кредит тўловларини кечиктириш назарда тутилмоқда.
Бу «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонунда белгиланган. Ҳужжат Сенатнинг 21-ялпи мажлисида маъқулланди.
Қонун мамлакатни эҳтимолий ҳарбий таҳдидларга тайёрлаш, Қуролли Кучларни зарур ресурслар билан таъминлаш ва фавқулодда вазиятларда давлат ҳамда жамиятнинг барқарор фаолиятини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.
Ҳужжатга кўра, сафарбарлик эълон қилинганда қонунда белгиланган тоифадаги фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин. Бунда уларнинг соғлиғи, оилавий шароити ва қарамоғидаги шахслар билан боғлиқ ҳолатлар инобатга олинади. Айрим фуқаролар учун чақирувни кечиктириш имконияти ҳам назарда тутилган.
Шунингдек, ҳарбий хизматга чақирилган ишловчи фуқароларнинг иш жойи сақланади. Улар сафарбарлик даврида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилиши, кредит тўловлари муддатлари эса кечиктирилиши мумкин.
Қонунда зарурат туғилганда фуқаролар ва ташкилотларнинг транспорт воситалари, бинолари, иншоотлари ҳамда бошқа мол-мулкидан Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун фойдаланиш имконияти ҳам белгиланган. Бундай мол-мулкни тақдим этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Бундан ташқари, озиқ-овқат, нефт маҳсулотлари ва бошқа муҳим ресурслар захирасини шакллантириш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини сафарбарлик шароитида ишлашга тайёрлаш, тиббий хизматлар ҳамда муҳим инфратузилманинг барқарор фаолиятини таъминлаш чоралари кўзда тутилган.
Маълумот учун, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида 13-май куни биринчи ўқишда қабул қилинган. Сенат маъқуллаган ҳужжат кучга кириши учун кейинги ҳуқуқий расмийлаштириш босқичларидан ўтиши лозим.




